Фаол «Маърифат» тарғиботчилари тақдирланди
Ҳар қандай шароитда ҳам маърифатга ошно бўлган киши енгилмайди, - дейди «Жаҳон адабиёти» журнали бош муҳаррири Аҳмаджон Мелибоев.
Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳузуридаги «Маърифат» тарғиботчилар жамиятининг 2019-2020 йилдаги фаолияти сарҳисоби ҳамда 2021 йилда амалга оширилиши режалаштирилган устувор вазифаларига бағишланган онлайн-анжуман ўтказилди.
Тадбирда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни тарғиб қилишда «Маърифат» тарғиботчилар жамияти олдида турган муҳим вазифалар, нодавлат нотижорат ташкилотларининг жамият ҳаётидаги ўрни ва ролини ошириш ҳамда уларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилган ишлар ҳақида сўз борди.


- Ҳар қандай шароитда ҳам маърифатга ошно бўлган киши енгилмайди, - дейди «Жаҳон адабиёти» журнали бош муҳаррири Аҳмаджон Мелибоев. - Ўтаётган ҳар бир кунимизда бунга далил топишимиз мумкин. Бугун манаман деган ривожланган давлатлар оиласизликка қарши курашяпти. Бизда унақа эмас.
Оилани бутлашга, муқаддас қўрғонни асраб қолиш учун курашувчи ташкилотлар бор. Пандемия бизга инсонларни кашф қилишга имкон берди. Давлатларнинг катта маблағ илинжидаги курашидан тортиб, одамларнинг бойлик кетидан қувишигача гувоҳи бўлдик. Карантин даврида «Дунёни титратган қирқ кун» номли китоб ёздим. Яқинда нашрдан чиқади, маърифат изловчи китобхонларга тавсия этаман.


Йиғилишда «Маърифат» тарғиботчилар жамиятининг Хоразм, Бухоро ва Фарғона вилояти вакиллари томонидан тайёрланган ҳисоботлар муҳокама қилинди.
Тадбир доирасида Чирчиқ шаҳрида жойлашган «Бўстон» сиҳатгоҳида Жамият аъзолари учун ташкил этилган беш кунлик ўқув-семинарида фаол иштирок этган иштирокчилар тақдирланди.