“Фаол ҳаётга қадам” дастури ижтимоий ҳимоя тизимида муҳим аҳамиятга эга лойиҳа
Сўнгги йилларда юртимизда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг турмуш даражасини яхшилаш ҳамда жамиятда фаол иштирокини таъминлаш мақсадида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Айниқса, ўзгалар парваришига муҳтож шахсларни замонавий ижтимоий хизматлар билан таъминлаш давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бирига айланди. “Фаол ҳаётга қадам” дастури эса ижтимоий ҳимоя тизимида янги босқични бошлаб берди.
Мазкур дастур Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 8 майдаги “Ўзгалар парваришига муҳтож шахсларга ижтимоий хизматлар кўрсатиш кўламини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида жорий этилиб, ўзгалар парваришига муҳтож вояга етган шахслар учун ижтимоий хизматлар тизимини янги сифат босқичига олиб чиқишга хизмат қилмоқда.

Дастурнинг асосий мақсади фуқароларнинг кундалик ҳаётини енгиллаштириш, уларга зарур тиббий, ижтимоий, психологик ва реабилитация хизматларини кўрсатиш ҳамда уларнинг жамият ҳаётида фаол иштирокини таъминлашдан иборатдир. Энг муҳим жиҳатлардан бири шундаки, хизматлар ваучер тизими асосида йўлга қўйилиб, фуқароларга ўз эҳтиёжидан келиб чиқиб хизмат турини мустақил танлаш имконини беради.
“Фаол ҳаётга қадам” дастури доирасида ўзгалар парваришига муҳтож шахслар учун 5 та асосий ижтимоий хизмат тури жорий этилган. Булар уй шароитида ижтимоий-маиший ёрдам кўрсатиш, уй шароитида қараб туриш, тиббий-ижтимоий реабилитация, кундузги қатнов асосида қараб туриш ҳамда шахсий ёрдамчи хизматларидир. Ушбу хизматлар фуқароларнинг кундалик эҳтиёжларини қондириш, соғлигини тиклаш, мустақил ҳаёт кўникмаларини ривожлантириш ва ижтимоий мослашувини таъминлашга қаратилган.
Дастур ижроси доирасида ҳудудларда хусусан Навоий вилоятида Ижтимоий инспекция томонидан кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Ўзгалар парваришига муҳтож ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар учун чуқурлаштирилган тиббий кўриклар, диспансеризация, санаторий-соғломлаштириш хизматлари, зарур ҳолларда стационар ёки уй шароитида тиббий ёрдам кўрсатиш, имтиёзли дори воситалари билан таъминлаш каби соғломлаштириш тадбирлари амалга оширилмоқда.

Шунингдек, уларнинг уй-жой шароитларини яхшилаш бўйича ҳам тизимли ишлар йўлга қўйилган. Жумладан, турар жойларни куз-қиш мавсумига тайёрлаш, сантехника ва электр тармоқларидаги носозликларни бартараф этиш, марказлашган иситиш тизимларини текшириш, уйларни ҳаракатланиш учун мослаштириш ва санитария-эпидемиологик хавфсизликни таъминлаш каби чора-тадбирлар кўрилмоқда.
Бундан ташқари, ўзгалар парваришига муҳтож шахсларни ижтимоий ва ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ҳам муҳим йўналишлардан биридир. Уларни протез-ортопедия воситалари билан таъминлаш, психологик хизматлар кўрсатиш, ҳуқуқий маслаҳат бериш, ҳужжатларни тиклашда ёрдам бериш, рўйхатга олиш, алимент ва мулкий ҳуқуқларни расмийлаштиришда кўмаклашиш каби хизматлар ҳам амалга оширилмоқда. Шу билан бирга, уларнинг мулоқот доирасини кенгайтириш, маданий ва спорт тадбирларига жалб этиш, кўнгиллилар ёрдамида ижтимоий фаоллигини оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Мазкур тизимда Ижтимоий инспекция томонидан хизматлар сифати ва қонунийлиги устидан доимий назорат ўрнатилган бўлиб, асосий мақсад хизматларни маҳалла даражасида самарали ташкил этиш, уларни рақамлаштириш ҳамда эҳтиёжманд шахсларни аниқлаш тизимини янада такомиллаштиришдан иборатдир.
“Фаол ҳаётга қадам” дастури орқали инсон қадри устувор бўлган ижтимоий давлат тамойиллари янада мустаҳкамланмоқда.
Элбек Икромов,
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳузуридаги
Ижтимоий инспекциянинг Навоий вилояти бошқармаси бош мутахассиси.
ЎзА