Фан олимпиадалари адолатли ва шаффоф ўтяптими?
Фан олимпиадасининг илк кунида 9-синфлардан 529 нафар, 11-синфлардан 373 нафар ўқувчи қатнашди.
Юртимиздаги барча умумтаълим мактаб ўқувчилари ўртасида 3-чорак бошлангунига қадар бўлиб ўтадиган республика фан олимпиадасининг иккинчи босқичи бошланди.
Пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек тумани халқ таълими бўлими тасарруфидаги 31 та умумтаълим мактаби 9-10-11-синф ўқувчилари ўртасида ҳам 17 та фан бўйича олимпиаданинг 2-босқичи бўлиб ўтмоқда. Олимпиада жараёнлари адолатли, шаффоф ўтиши учун барча шарт-шароитлар яратилди. Ташкилий қўмита, ҳакамлар ҳайъати, апелляция комиссияси ва ҳайъат таркиби рўйхати тузилди.
Фан олимпиадасининг илк кунида 9-синфлардан 529 нафар, 11-синфлардан 373 нафар ўқувчи қатнашди.
Эртага, яъни 7 январь куни якунига етадиган фан олимпиадасида 150 га яқин кузатувчи, 21 та апелляция комиссияси, 170 га яқин барча фанлар бўйича ҳакамлар ҳайъати иштирок этади. Ўзига ишонган ўқувчилар билимларини қайта синаб кўриш таклифини билдирса, керакли тартибда мурожаат қилиши мумкинлиги алоҳида тушунтирилмоқда.
– Педагогларнинг илғор иш тажрибасини оммалаштириш, ўқув тажриба жараёнини замонавий талаблар даражасига кўтариш, фан ўқитувчиларининг педагогик маҳоратини ошириш, ўқув-тарбия жараёнини самарали ташкил этиш ва бошқариш, юқори сифат кўрсаткичига эришиш ўз-ўзидан бўлмайди албатта, – дейди халқ таълими бўлими мудири Яхшигул Шодиева. – Бунинг учун аввало таълимнинг мазмунини, унинг илмий-назарий ва методик савиясини ошириш, ўқитувчиларнинг методик таъминоти ва уларга кўрсатилаётган методик ёрдамни яхшилаш, тобора такомиллаштириб бориш, ўқитувчининг касбий маҳоратини ва нуфузини ошириш зарур. Бу борада ўтган 2019 йил давомида туман тасарруфидаги мактабларда фаолият юритаётган раҳбарлар ва педагог ходимлар малака оширди. Малакали ўқитувчилардан таълим олаётган ўқувчилар билимларини баҳолаш мақсадида ташкил этилган олимпиада мусобақалари ўқувчиларни ўзлаштирган билимлари ҳамда иқтидор ва қобилиятларини намойиш этиб беради. Олимпиада жараёнлари адолатли ўтиши учун кучли педагогларимиздан иборат ҳакамлар шакллантирилган.
Маълумот учун, мазкур туман халқ таълими бўлими тасарруфида 31 та умумтаълим мактаби ва 2 та махсус мактаб-интернати фаолият юритиб жами 45 минг 632 нафар ўқувчи таҳсил олади. Замонавий таълим муассасаларида сифатли таълим-тарбияни ташкил этиш кадрлар сифат таркибига боғлиқ. 2019 йилнинг 9 ой давомида умумтаълим муассасаларида жами 2 минг 277 нафар педагог фаолият кўрсатиб келган бўлиб, уларнинг 2 минг 163 нафари олий маълумотли, 49 нафари тугалланмаган олий маълумотли, ўрта махсус маълумотли ўқитувчилар эса 65 нафарни ташкил этади.
Ушбу босқич саралашдан ўтган ўқувчилар кейинги босқич йўлланмасини қўлга киритади.