Эъзоза Каримова МТТ директорлари билан очиқ мулоқот ўтказди
Мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш, соҳадаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш ҳамда хусусий сектор иштирокини кенгайтириш масалалари бугунги кунда давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. Шу мақсадда мактабгача ва мактаб таълими вазири Эъзоза Каримова бир гуруҳ мактабгача таълим ташкилотлари директорлари билан очиқ мулоқот ўтказди.
Учрашувда вазирлик марказий аппарати бўлинмалари раҳбарлари ҳам иштирок этди. Мулоқот давомида мактабгача таълим соҳасини ривожлантиришга оид қатор муҳим масалалар муҳокама қилинди.

Жумладан, хусусий секторни янада қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш учун қўшимча имтиёзлар бериш, имтиёзли тоифага мансуб болаларни мактабгача таълим ташкилотларига қабул қилиш, тарбиячиларнинг ойлик иш ҳақини ошириш имкониятлари ҳақида фикр алмашилди.

Шунингдек, давлат-хусусий шериклик асосидаги мактабгача таълим ташкилотларини ташкил этиш, оилавий нодавлат мактабгача таълим муассасалари фаолиятини сифатли йўлга қўйиш, педагог ходимларнинг касбий маҳоратини ошириш ҳамда инклюзив таълимни кенг жорий этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Мулоқот чоғида иштирокчилар соҳадаги мавжуд муаммолар, амалий таклифлар ва ташаббуслар юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди. Таъкидланганидек, бундай очиқ мулоқотлар таълим муассасалари фаолиятида учраётган муаммоларни жойида ҳал этиш ва тизим самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Учрашув якунида билдирилган таклиф ва мулоҳазалар асосида масъулларга тегишли топшириқлар берилди ҳамда уларнинг ижросини таъминлаш бўйича вазифалар белгилаб олинди.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА