Эзгуликка йўғрилган умр
Устоз журналист, атоқли ижодкор Саъдулла Ҳакимов самимий, оқкўнгил, бошқалардан ёрдамини аямайдиган инсон эди.
У киши муайян бир муддат Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигида – ЎзА Бош директори ўринбосари лавозимида ҳам меҳнат қилган. Саъдулла ака билан боғлиқ хотиралар шуки, инсондан бу дунёда фақат яхшилик, эзгу ва ибратли амаллар, яхши ном қолар экан.
Кимнингдир муаммосини ўрганиб, унга кўмаклашиш, берилган топшириқнинг бажарилиши учун ўзи ҳам имкон қадам ёрдам қўлини узатиш, ходимнинг янада яхшироқ меҳнат қилиши учун қўлидан келганича имкон яратиш, иши ва амалининг бирлиги, тўғрисўзлик устоз Саъдулла Ҳакимовга хос бўлган фазилатлардан эди.
Ҳар бир юмушга жиддийлик ва ўзгача масъулият билан ёндашиш, ўзгаларни айбламаслик, тўғрилик, холислик ва ҳалоллик устоз ижодкорнинг табиатида устувор эди.
Саъдулла Ҳакимов 1951 йил 25 мартда Жиззах вилояти Фориш туманидаги сўлим Гараша қишлоғида туғилган. 1977 йилда ТошДУнинг – ҳозирги Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг журналистика факультетини тугатган.
Устоз журналист «Саховат» журналида, «Ўзбекистон адабиёти ва санъати», «Ўзбекистон овози» газеталарида адабиёт ва санъат бўлими мудири, масъул котиб, «Маърифат» газетасида бош муҳаррир (1992-1996), Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясида Ахборот тарғибот-таҳлил марказининг раҳбари, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги – ЎзАда Бош директор ўринбосари, «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг бош муҳаррири бўлиб меҳнат қилган.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон Журналистлар уюшмасининг аъзоси бўлиши билан бирга 2002 йилда «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими» унвонига сазовор бўлган.
Саъдулла Ҳакимовнинг «Ҳамал тонглари» (1981), «Сен кутган баҳор» (1986), «Ёз оқшоми» (1996), «Она сўз» (2000), «Сайланма» (2001), «Кўнгил юзи» (2006), «Кўҳна нақл» (2011) каби ўндан ортиқ шеърий тўпламлари нашр этилган. («Эсимда қолган кунлар», «Атом қаърига саёҳат» ва бошқа кўплаб публицистик асарларнинг муаллифидир. Саъдулла Ҳакимов Гёте, Пушкин, Лермонтов, Есенин, Юнус Эмро каби шоирларнинг асарларини ўзбек тилига таржима қилган.
Устоз ижодкор Саъдулла Ҳакимовнинг ҳаёти, ибратли фазилатлари билан боғлиқ ёрқин хотиралар кўплаб журналистлар, зиё аҳли хотирасида ҳамон яшамоқда!
Н.Усмонова,
ЎзА