Эзгуликка қалқон бўлиб...
Муносабат
2021 йилнинг 19 январь куни давлатимиз раҳбари маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини тубдан такомиллаштиришга бағишланган видеоселекторда бу соҳада кўзга ташланаётган муаммолар ҳақида очиқ-ойдин гапириб, ўзига хос ечимларини ҳам илгари сурган эди.
Шундан сўнг Республика экспертлар гуруҳи аъзоси таркибида ҳудудларимизда бўлиб, маънавий-маърифий ишларнинг жойлардаги ҳолати билан яқиндан танишарканмиз, Президентимиз сўзлари нақадар ҳаётий эканини дилдан ҳис қилдик. Ҳақиқатан ҳам, ўтган йиллар мобайнида маънавий-маърифий ишлар тизимли ташкил этилмагани, етарли миқдорда маблағ ажратилмагани, кадрлар малакаси оширилмагани, моддий-техник база мустаҳкамланмагани учун бу соҳадаги саъй-ҳаракатларимиз кўнгилдагидай самара бермади.
Давлатимиз раҳбарининг шу йил 26 март куни имзолаган иккита муҳим қарори маънавий-маърифий ишларни мутлақо янги босқичга кўтариш учун мустаҳкам пойдевор вазифасини ўтайди, десак, ҳақ гапни айтган бўламиз. Хусусан, “Маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорда айнан юқорида таъкидланган камчиликларни бартараф этиш чоралари белиланган. Жумладан:
- Республика Маънавият ва маърифат маркази эндиликда мамлакатимиздаги барча давлат ва нодавлат ташкилотларида маънавий-маърифий соҳаларда олиб борилаётган ишларни мувофиқлаштиради. Бу эса ишнинг тизимли ташкил этилишини, самарали услубларнинг кенг оммалашишини, ўзаро жипсликни таъминлайди;
- маънавий-маърифий ишларни ташкил этишнинг илмий асослари ишлаб чиқилади, бу борада чуқур тадқиқотлар олиб борилади ва назарий ишлар амалиёт билан уйғунлаштирилади, бу эса халқимиз қалби, онг-шуурига чуқурроқ кириб боришга йўл очади;
- ахборот асрида тарғибот-ташвиқотнинг мутлақо янги, таъсирчан услубларига таянилади, эски қолиплардан воз кечилиб, давр талабига мос ёндашувлар асосида иш кўрилади;
-кадрлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини доимий ошириб бориш орқали энг чекка ҳудудларда ҳам ишларни юксак савияда ташкил этишга эришилади.
Албатта, бу борадаги ишларнинг муваффақияти моддий таъминот, маблағга ҳам бориб тақалиши сир эмас. Президент томонидан кеча имзоланган яна бир муҳим ҳужжат – “Маънавият ва ижодни қўллаб-қувватлаш мақсадли жамғармасини ташкил этиш тўғрисида”ги қарор кўзланган барча ишларни юқори савияда ташкил этишга асос, шарт-шароит яратади. Жамғармага 120 миллиард сўм маблағ ажратилаётгани, унинг катта қисми – 90 миллиард сўм ҳудудларда маънавий-маърифий ишларни жонлантириш учун йўналтирилаётгани ҳам мақсаднинг кўлами нақадар кенглигини кўрсатиб турибди.
Қувонарлиси, янги жамғармадан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси учун 20 миллиард сўм ажратилмоқда. Бу маблағ ёш муаллифларнинг биринчи китобларини нашр этиш, уюшма аъзоларининг ижодий кечаларини ўтказиш, адабиётимиз ривожига муносиб ҳисса қўшган уюшма аъзоларига моддий ёрдам кўрсатиш, етук асарларни хорижий тилларга таржима қилиш, адабий жамоатчилик томонидан эътироф этилган ҳамда мамлакат ижтимоий ҳаётида муҳим аҳамиятга эга бўлган бадиий асарлар муаллифларини моддий жиҳатдан рағбатлантириш сингари эзгу ишларга сарфланади.
Иккита қарорда ҳам маънавият ва адабиётга дахлдор жиҳатлар уйғун қамраб олинганини кўришимиз мумкин. Зеро, ёзувчи-шоирлар ҳамиша маънавий-маърифий ишларда яловбардор бўлишган. Шубҳасиз, бундан сўнг ҳам, адабиёт – халқнинг юраги, деган юксак ақидага таянган ҳолда, адибларимиз эзгуликка қалқон бўлиб, маънавий қадриятларга хуруж қилаётган иллатларга муросасиз кураш олиб борадилар...
Нодир Жонузоқ,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари