“Эзгулик манзили” – Андижонда
Андижонда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг “Эзгулик манзили” хайрия акцияси доирасида тиббий кўрик, даволаш муолажалари ҳамда жарроҳлик амалиётлари ўтказилмоқда.
Мамлакатимизда, аҳоли, айниқса, болалар саломатлигини сақлаш, уларнинг соғлом ва баркамол вояга етишлари учун кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Андижонлик болаларнинг саломатлигини назоратдан ўтказиш, уларга кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини ошириш ҳамда мутахассис шифокорларга амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида пойтахтимиздаги етакчи тиббиёт муассасалари ва марказларининг малакали мутахассисларидан иборат шифокорлар томонидан вилоят кўп тармоқли болалар тиббиёт марказида тиббий кўрик, даволаш муолажалари ҳамда жарроҳлик амалиётлари ўтказилмоқда.
Педиатр, отоларинголог, пластик хирург, хирург-анестезиолог, травматолог-ортопед, офтальмолог сингари қатор ихтисосликлар бўйича 10 нафардан зиёд малакали мутахассислар томонидан андижонлик болалар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилмоқда.
[gallery-7421]
– Тўққиз ёшли қизимнинг бурнида гўшт ўсмаси пайдо бўлиб, нафас олишга қийналади, –– дейди Асака тумани Қоратепа маҳалласида яшовчи Наргиза Собирова. – Қизимни акция доирасидаги кўрикка олиб келиб, мутахассислар кўригидан ўтказдик. Зарур тавсия ва маслаҳатлар олдик.
Тиббий кўрикка ташриф буюрган болаларни даволаш ва саломатлигини тиклаш бўйича мутахассис ва шифокорлар ота-оналарга зарур тавсия ва маслаҳатлар бермоқда. Бир гуруҳ оғир ҳолатдаги бемор болалар даволанишга йўналтирилган бўлса, яна бир гуруҳида жарроҳлик амалиёти ўтказилди.
Андижонда акция доирасидаги тиббий кўриклар 8 июнга қадар давом этади.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА