“Ейилмаган сомса” га пул тўланмайди
Навоий вилоятининг Хатирчи тумани, “Авохли” маҳалласидаги Шаррак кўчаси 38-уйда истиқомат қилувчи фуқаро Содиқ Очилов Навоий шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат қилиб, истеъмолчи сифатида бузилаётган ҳуқуқларининг ҳимоя қилинишида амалий ёрдам сўраган.
Мурожаатда фуқарога маиший техника олиши учун 2021 йил май ойида Навоий шаҳар Навоий кўчасида жойлашган “Техно-Шиваки – Навоий” МЧЖ ҳисоб рақамига Ипотека банки томонидан 24 миллион сўм пул маблағи кўчириб берилганлиги, МЧЖ масъуллари фуқарони хабардор қилмасдан олиниши назарда тутилган товарларни ўзаро тил бириктириб, бошқа фуқарога бериб юборганлиги баён этилган.
Мурожаат Навоий шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти мутахассислари томонидан батафсил ўрганилди. Ўрганишлар давомида 2021 йил 10 апрелда сотувчи ва истеъмолчи ўртасида тузилган 36-сонли шартномага асосан етказилиши керак бўлган 2 дона 32 диагоналли, 3 дона 49 диагоналли телевизор, 1 дона чанг юткич - жами 24 миллион сўмлик товарларни етказиб бериш тартиби, шартнома шартлари жавобгар (хизмат кўрсатувчи МЧЖ) томонидан қўпол равишда бузилганлиги аниқланди.
Тегишли ҳужжатлар ва ўрганишда аниқланган ҳолатларга асосланиб, истеъмолчининг бузилган ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида Навоий шаҳар жамияти томонидан судга даъво аризаси киритилди.
Фуқаролик ишлари бўйича Навбаҳор туманлараро суди жавобгар – “Техно – Шиваки – Навоий” МЧЖдан фуқаро Содиқ Очиловнинг фойдасига шартнома бўйича 24 миллион сўмлик маҳсулот, шунингдек, маънавий зарар учун 1 миллион сўм товон пули, давлат фойдасига эса 1 миллион 560 минг сўм миқдорида давлат божи ундириш тўғрисида қарор қабул қилди.
Яна бир мурожаат Хатирчи туман истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти томонидан ўрганиб чиқилди.
“Бўғирдоқ” МФЙда яшовчи фуқаро Наргиза Эгамбердиева туман марказидаги савдо дўконига электротехника ва рўзғор буюмлари олиш учун 12 миллион сўм миқдорида истеъмол кредити маблағини кўчиртириб, 6 миллион 800 минг сўмга керакли маҳсулотларни олган. Қолган 5 миллион 200 минг сўмга музлаткич олишни режалаштирган. Дўкон эгалари музлатгич йўқлигини айтиб, яқин кунларда “энг зўри” келишини ваъда қилади.
Берилган ваъда бажарилмаган, фуқаро эса узоқ вақт дўконга қатнаган. Бу орада фуқаро бир неча ташкилот ва муассасаларга ёрдам сўраб мурожаат қилади, аммо натижа чиқмаган.
ОАВлар орқали Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш федерацияси фаолияти тўғрисида хабар топган фуқаро федерациянинг Хатирчи туман жамиятидан амалий ёрдам беришларини сўрайди. Жамият ходимлари томонидан мурожаатни ўрганиш жараёнида сотувчига “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида” ги қонунга асосан истеъмолчининг ҳуқуқи, хизмат кўрсатувчининг мажбуриятлари тушунтирилгач, сотувчи истеъмолчининг 5 миллион 200 минг сўм маблағини қайтариб берди.
Маълумот учун, Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси жамоат бирлашмаси шаклидаги нодавлат нотижорат ташкилоти ҳисобланади.
Абдували Бўриев,
ЎзА