Европада ўзбек миллий ҳунармандчилиги намуналари намойиш этилди
Франциянинг Ренн шаҳрида халқаро ҳунармандчилик фестивали бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон миллий ҳунармандчилиги ва маданияти кенг намойиш этилди.
Фестивалда Тошкент шаҳридан ташриф буюрган ҳунармандлар — миллий либослар дизайнери ва устаси Фируза Якубова, миллий қўғирчоқлар устаси Насиба Аҳмедова ҳамда зардўз-ҳунарманд Наргиза Муродова ўз ижод намуналари, кўргазмалари ва маҳорат дарслари билан фаол иштирок этди.

Кейинги пайтларда Франциянинг бир қатор йирик шаҳарларида ўзбек миллий ҳунармандчилиги, гастрономияси ва туризм салоҳиятига бағишланган кенг кўламли тадбирлар ҳамда кўргазмалар мунтазам ташкил этилмоқда. Бу каби лойиҳалар нафақат мамлакатимизнинг бой тарихий меросини халқаро майдонда тарғиб қилиш, балки Европа ва Марказий Осиё халқлари ўртасидаги маданий кўприкларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Тадбир доирасида ўзбек миллий либослари, дўппилар, миллий қўғирчоқлар ва зардўзлик санъати намуналари хорижлик меҳмонлар эътиборига ҳавола этилди. Фестиваль меҳмонлари ўзбек палови ва сомсаси, миллий мусиқа ва маданиятимиз билан танишиш имконига эга бўлди.
Мутахассисларнинг қайд этишича, бу каби халқаро тадбирлар миллий қадриятларимизни жаҳонга танитиш, ўзбек ҳунармандларининг маҳоратини намойиш этиш ва халқлар ўртасидаги маданий алоқаларни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.
Гулноза Бобоева,
ЎзА