Европа киноси фестивали
Пойтахтимизда VII Европа киноси фестивали бошланди.
Пойтахтимизда VII Европа киноси фестивали бошланди.
Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциациясининг "Медиа-холл" биносида бошланган мазкур тадбирга турли вазирлик ва идоралар, мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган хорижий дипломатик корпус ва халқаро ташкилотларнинг вакиллари, кино ижодкорлар, санъат мухлислари таклиф этилди.
Мазкур ижодий лойиҳа “Ўзбеккино” Миллий агентлиги, Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси билан бирга, Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциациясининг кўмагида ташкил этилган.

Мамлакатимизда миллий кино соҳасига эътиборни тобора кучайтириш борасидаги амалий чора-тадбирларда халқаро ҳамкорликни тобора кенгроқ йўлга қўйиш, кино ижодкорларнинг хорижлик ҳамкасблари билан ўзаро ижодий мулоқотини кенгайтириш бўйича кўплаб чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Бу йилги фестиваль дастурида Тошкент, Нукус, Урганч ва Жиззах шаҳарларидаги катта экранларда Европанинг етакчи режиссёрлари томонидан яратилган фильмлар намойиш этилиши кўзда тутилган. Фестиваль дастуридан ўрин олган тадбирлар, намойиш ва премьералар Тошкентда жорий йилнинг 18 октябрига қадар давом этади.
VII Европа киноси фестивали доирасида кўҳна дунё мамлакатлари режиссёрларининг экран асарлари Нукус шаҳрида – 24-26 октябрь, Урганч шаҳрида – 1-3 ноябрь ва Жиззах шаҳри кинотеатрларида – 8-10 ноябрь кунлари намойиш этилади.

Фестиваль доирасида Европанинг Австрия, Бельгия, Болгария, Венгрия, Германия, Дания, Италия, Латвия, Нидерландия, Финляндия, Франция ва Швеция давлатларининг таниқли режиссёрлари томонидан яратилган 10 та фильм тақдим этилади. Жумладан, “Белгияликлар қироли” комедия жанрида суратга олинган драма катталар учун қизиқарли бўлса, “Қишдаги Луиза” анимацион фильми болаларни бефарқ қолдирмайди.
“Стефан Цвейг: Европа билан хайрлашув” ҳужжатли фильми, “Имтиҳон” ва “Кичик фермер” драмалари, инсоният тарихи, экологик долзарб масалаларга бағишланган “Ҳомо сапиенс” фильми, “Узоқдаги кучуклар ҳайқириғи” ҳужжатли фильми, криминал элементларига эга “Чямбра” драмаси, “Ҳаётдаги энг бахтли кун” номли қувноқ экран асари ва “Жаннат 89” бадиий картинаси ҳам фестиваль дастуридан ўрин олган фильмлардир. Улар мавзу, жанр, ёндашув жиҳатдан ғоят ранг-баранг, бири бошқасини такрорламаслиги, томошабинларнинг кенг аудиториясига мўлжаллангани билан аҳамиятлидир. Шу билан бирга ижодий ташкилотларда, санъат йўналишидаги олий таълим масканларида мазкур кино фестиваль иштирокчилари билан учрашувлар, маҳорат дарслари бўлиб ўтиши кўзда тутилган.
Европа киноси фестивали минтақанинг маданий ранг-баранглигини ёрқин жилоларда акс эттириш орқали Европа кино саноати янгиликларини тақдим этиш баробарида Ўзбекистон томошабинларига сўнгги йилларда яратилган картиналардан баҳраманд бўлиш имконини беради. Барча фильмлар рус ва ўзбек тилларидаги субтитрлар билан аслият тилида намойиш этилади. Киносеансларга кириш эса бепул.
