“Евро қурилиш дизайн” маҳсулотлари
“Қўқон” эркин иқтисодий зонасида янги ишлаб чиқариш лойиҳалари амалиётга жорий этилмоқда.
“Қўқон” эркин иқтисодий зонасида янги ишлаб чиқариш лойиҳалари амалиётга жорий этилмоқда. Бу қўшимча иш ўринлари яратиш, маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми ва экспорт салоҳиятини юксалтириш имконини бераётгани билан аҳамиятли.

“Евро қурилиш дизайн” масъулияти чекланган жамияти “Қўқон” эркин иқтисодий зонасида фаолият юритаётган ана шундай истиқболли корхоналардан. Бу ерда 2 миллион 700 минг АҚШ доллари миқдорида инвестиция ўзлаштирилиб, халқ хўжалиги тармоқлари учун керакли бўлган гипсокартон ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Замонавий техника ва технологиялар билан жиҳозланган корхонада 90 нафардан ортиқ маҳаллий ёшлар бандлиги таъминланган.

Корхона маҳсулотлари халқаро талаб ва меъёрларига асосланган юқори сифати, ҳамёнбоплиги билан нафақат ички, балки ташқи бозорда ҳам ўз харидорини топмоқда. Шу кунга қадар 500 минг АҚШ доллари миқдоридаги дастлабки маҳсулот Қозоғистон ва Тожикистонга экспорт қилинди.

Корхонада кўзда тутилган иккинчи лойиҳа — шу пайтга қадар импорт қилинган, қурилиш тармоқлари учун керакли бўлган қуруқ қоришмалар ишлаб чиқариш борасида ҳам иш олиб борилмоқда. Таъкидланишича, бино ва иншоотларни безашда қўл келадиган бу маҳсулотларга ички ва ташқи бозорда талаб юқори. Истиқболли лойиҳа самарасида корхонада яна 30 та янги иш ўрни яратилади.