ЕТТБ Самарқанд анжуманида манфаатли келишувларга эришилди
Самарқандда 16-18 май кунлари бўлиб ўтган Европа тикланиш ва тараққиёт банки Бошқарувчилар кенгашининг 32-йиллик йиғилиши муҳим воқеаларга, томонлар учун бирдек манфаатли келишувларга бой бўлди.
Иқтисодиёт, молия, инвестиция, инновация соҳаси экспертлари ҳамда таҳлилчилари анжуман ишига юқори баҳо берди. Келишувлар истиқболда юқори натижалар беришига ишонч билдирди.
[gallery-11950]
[gallery-11921]
Қуйида уларнинг баъзилари билдирган фикрларни ҳавола қиламиз.
Акмал ИСМОИЛОВ – Тошкент давлат иқтисодиёт университети доценти:
– Европа тикланиш ва тараққиёт банки ўттиз икки йиллик тарихга эга. Бугунги кунда дунё бўйича 6 минг 500 дан ортиқ лойиҳаларни амалга оширмоқда. Мамлакатимиз ушбу банк билан, асосан, иқтисодий соҳада ҳамкорлик қилмоқда. Бу банк Бошқарувчилар кенгашининг 32-йиллик йиғилиши мамлакатимизда ўтказилиши ўзаро ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқади. Анжуман доирасидаги учрашув ва бизнес-форумда ривожланган давлатларнинг юқори давлат амалдорлари, молия соҳаси раҳбарлари, маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. Форум доирасида эътибор қаратилган мавзуларга аҳамият берамиз. Иқтисодиётнинг барқарор ривожланишига сармоя киритиш, халқаро савдони рағбатлантириш, энергия хавфсизлигини таъминлаш, қайта тикланадиган энергия манбаларини жорий этиш, рақамлаштиришни жадаллаштириш, кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш каби йўналишлар бугунги кунда долзарб саналади.
Матье ЖОРДАН-ТАНК – Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг Барқарор инфратузилма, сиёсат ва лойиҳаларни тайёрлаш бўйича директори:
– Анжуман доирасидаги сессияларда соғлиқни сақлаш, таълим, инфратузилма, транспорт, энергетика соҳаларида қатор йирик хусусий шериклик лойиҳалари тақдимот қилинди. Самарқандда Европа тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда тегишли вазирликлар бу борада муҳим келишувларга эришди. Хусусан, Фарғона ва Самарқанддаги элликдан ортиқ умумтаълим мактабига юқори стандартларни жорий этиш бўйича шартнома имзоланди. Янги қуриладиган бу мактабларда “яшил бино” меъёрлари жорий этилади. Уларни бунёд этиш учун корхоналар халқаро тендерда иштирок этади, узоқ муддатли шартномалар тузилади. Истиқболда бу таълим муассасалари минглаб ана шундай даргоҳларга намуна бўлишига умид қиламиз.
Хонг ЗУ – “China Power International Holding Ltd” тадбиркорлик субъекти вакили (Хитой):
– Марказий Осиё, хусусан, сизнинг юртингиз хорижий инвесторлар учун жозибадор муҳитга эга. Европа тикланиш ватараққиёт банкининг анжуманида Хитойнинг йирик тадбиркорлик субъекти вакили сифатида қатнашдик. Анжуман доирасидаги тадбирларда иштирок этиб, Ўзбекистоннинг инвестицион имкониятлари билан яқиндан танишдик. Юртингизга сармоя киритиш фикримиз мустаҳкамланди. Бунга мавжуд ресурслар, олиб борилаётган хорижий инвестиция сиёсати, солиқ имтиёзлари сабаб бўлди.
Геннати ТАМПИЗА – Халқаро бизнес компанияси раҳбари (Албания):
– Дунёдаги етакчи иқтисодий соҳа раҳбарлари Самарқандда жам бўлди. Президентингизнинг Европа тикланиш ва тараққиёт банки Бошқарувчилар кенгаши йиғилишидаги нутқини тингладик. Давлат раҳбари жуда кўплаб муҳим ва долзарб ташаббусларни илгари сурди. Биз уларнинг амалга оширилишини кузатиб борамиз. Таҳлиллар бу борада олдинги йилларда ҳам самарали ишлар қилинганини кўрсатади. Бу ерда янги бозорлар пайдо бўлмоқда, биз уларга эътибор қаратаяпмиз. Инвеститцион муҳит бизга манзур бўлмоқда. Айни пайтда ҳамкорликни кенгайтириш ниятидамиз. Бизнес лойиҳалар устида ишлаяпмиз.
Кристоф БАКЭР – “GOPA-International Energy Consultants” компанияси менежери (Германия):
– Европа тикланиш ва тараққиёт банки Бошқарувчилар кенгаши йиғилишида Президент Шавкат Мирзиёевнинг камбағалликни қисқартириш ва халқ турмушини яхшилашга қаратилган фикрлари эътиборимни тортди. Фаолиятимиз доирасида Ўзбекистонни танлаб тўғри қилганимизга яна бир карра амин бўлдик. Юртингизда бир қатор халқаро компаниялар билан йирик лойиҳаларни амалга оширяпмиз. Бу Ўзбекистон учун хорижий тажрибани ўрганишда ўзига хос майдон вазифасини бажаради. Бир мисолни келтираман. Германия қайта тикланувчи энергия манбаларидан кенг фойдаланиш бўйича ўттиз йиллик тарихга, ўзига хос тажрибага эга. Бу тажрибани кенг татбиқ қилишга юртингизда катта истак ва шароит бор. Бу тажрибани ўртоқлашишдан мамнунмиз. Яқин даврда мамлакатингиз бу соҳада етакчилардан бирига айланишига ишонамиз.
ЎзА мухбири
Икром АВВАЛБОЕВ
ёзиб олди.