Етмиш беш нафар аёлга тикув машиналари берилди
Данғара туманида ижтимоий ҳимоя борасида турли кўринишларда амалий ишлар қилинмоқда. Энг аввало, уйда ўтирган ишсиз аёллар касб-ҳунарга ўқитиляпти. Уларнинг аксарияти пишириқ-қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган ва шу билан оиласига даромад келтирадиган бўлди. Яна бир гуруҳ хотин-қизлар тикувчиликни ўқиб- ўргандилар.
“Аёллар дафтари”да турганларга субсидия асосида тикув машиналари берилди. Энди 75 нафар тикувчи оиласи, қўни-қўшниси, маҳалла аҳолиси буюртмаси билан ишлайди. Бозор тамойиллари, маҳсулот тарғиботи, шартнома асослари борасида ҳам уларга тавсия, қўлланмалар тақдим этилди. Ташкилотчи ва ташаббускорлар масалага бундай ёндашув самара беришидан умидворлар.

Муҳаммаджон Обидов, ЎзА