Эътирофга лойиқсиз азиз устозлар
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги фармонига асосан давлатимизнинг юксак мукофотлари – унвон, орден ва медаллар билан тақдирланганлар орасида наманганлик педагог ҳам эътироф этилди.
Ушбу муносабат билан Наманган шаҳридаги “Маърифат маскани”да давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, вилоят фаоллари, тизимда меҳнат қилаётган фидойи ва илғор муаллимлар иштирокида бўлиб ўтган тантанали маросимда мазкур мукофотлар ўз эгаларига байрамона руҳда тақдим этилди.

Тадбир аввалида, Наманган вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов мамлакатимизда ёш авлод камолотига ғамхўрлик кўрсатиш, таълим сифатини янада яхшилаш, бутун ҳаётини эртамиз эгалари тарбиясига бағишлаган жонкуяр ўқитувчилар, устоз-мураббийлар меҳнатини муносиб рағбатлантириш, уларнинг иш ва турмуш шароитини яхшилаш, жамиятдаги мавқейини оширишга катта аҳамият қаратилаётганлигини таъкидлади.
Қайд этилганидек, кейинги йилларда амалга оширилган ислоҳотлар натижасида педагог-ходимларнинг сифат таркиби тубдан ўзгарди. Жумладан, вилоятда олий ва биринчи тоифали ўқитувчилар улуши 2017 йилда 16,2 фоизга тўғри келган бўлса, ҳозирги кунда бу кўрсаткич 40,8 фоизни ташкил этмоқда.

Илгарилари ўқитувчиларнинг ойлик маошларига қўшимча тарзда фақат тоифа учун иш ҳаққи тўланган бўлса, бугунга келиб, муаллимларнинг ойлик маоши уч бараварга оширилди ҳамда қўшимча рағбатлантириш, яъни фан сертификат устамаси, вазир ва директор жамғармалари ҳамда аттестация механизмлари жорий этилди. Натижада Наманган вилоятида 4,5 миллион сўмдан, 6 миллион сўмгача маош оладиган ўқитувчилар сони 3,5 мингдан, 10 миллион сўмдан юқори маош олувчилар сони эса 400 нафардан ошди.

– Мактаб ва ўқувчилар ҳаётимнинг ажралмас бир бўлаги. Ўттиз йилдан зиёд вақт давомида ёшларга таълим бериб келаман, – дейди Норин тумани Учтепа қишлоғидаги 42-сонли умумтаълим мактабининг жисмоний тарбия фани ўқитувчиси Яшаржон Мамадалиев. – Ўсиб келаётган ёш авлодни спортга ошно этиш нафақат соғлом турмуш тарзини шакллантириш, балки уларни комил инсонлар бўлиб етишишларида ҳам муҳим аҳамият касб этади. Ана шу ҳаётий ҳақиқатни теран ҳис қилган ҳолда 25 нафар шогирдимни ўзим каби мураббий қилиб тарбияладим. Бугун улар вилоятимизнинг турли илм масканларида қизғин фаолият юритмоқда. Ўтган ўқув йили мен учун салмоқли бўлди, икки нафар шогирдим баскетбол бўйича республика чемпионатида ғолибликни қўлга киритиб, олий ўқув юртларига имтиёзли асосида давлат гранти бўйича талабаликка муддатидан аввал қабул қилинди. Камтарона меҳнатим муносиб эътироф этилиб, “Соғлом турмуш” медалига муносиб кўрилганидан беҳад бахтиёрман. Келгусида бу билдирилган ишончни юракдан ҳис этган ҳолда Олимпия ўйинлари, жаҳон ва Осиё чемпионларини тарбиялашга астойдил интиламан.

Тадбирда тақдирланганлар сўз олиб, кўрсатилган эътибор ва эътироф учун Президентимизга чуқур миннатдорлик билдирдилар.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.