Эътироф ва рағбат шижоатга ундайди
Корея Республикасининг “Дипломатик хизматлари учун” ордени 1963йил 25 июлда мамлакат фуқаролари ва хорижликларни дипломатик соҳадаги хизматларини эътироф этиш, шунингдек, чет элда миллий обрў-эътиборни ошириш, халқаро ҳамкорлик ва дўстликни ривожлантиришга кўмаклашгани учун рағбатлантириш мақсадида таъсис этилган.
Мазкур нуфузли мукофот билан тақдирланган юртдошларимиз ҳам бор. Масалан, яқинда шундай эътирофга Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси ўринбосари Валерий Тян сазовор бўлди.
Шу муносабат билан бугун қўмитада расмий тақдирлаш маросими ташкил этилди. Тадбирда қўмита ходимлари, Ўзбекистон Корейс маданият марказлари уюшмаси фаоллари “Ўзбекистон-Корея” дўстлик жамияти аъзолари иштирок этди.
Ўзбекистон ва Жанубий Корея халқларининг санъати, маданияти, миллий менталитети ва меҳнаткашлигида ўхшашлик, бир-бирига яқинлик мавжуд. Вазият, тақдир тақозоси билан юртимизга келган ва шу ерда ерда муқим яшаб қолган корейслар халқимиз билан дўст-қадрдон яшаб келмоқда. Уларнинг кўпчилиги жамиятимизда кўзга кўринган, обрў-эътиборли, ҳурматга сазовор, турли соҳаларда улкан ютуқларга эришган инсонлар.
Ўзбекистон ҳаво йўллари тизимида кўп йиллар самарали меҳнат қилган Валерий Тян ҳам юртимизда миллатлараро тотувлик ва хорижий мамлакатлар билан дўстона алоқаларни мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшиб келяпти.
- “Дипломатик хизматлари учун” ордени Корея Республикасининг икки давлат ўртасидаги дўстликни кенгайтириш ва мустаҳкамлашга қўшган муносиб ҳиссаси учун бериладиган олий мукофот, - деди Жанубий Кореянинг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ким Хи Санг. - Ушбу орденни бериш тўғрисидаги фармонни Президент Юн Сок Ёл имзолади. Давлатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик йил сайин ривожланмоқда. Ўзбекистон бизни халқаро миқёсда ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаб келади.
- Камтарона меҳнатим юксак мукофотга лойиқ кўрилганидан мамнунман, - дейди Валерий Тян. – Бу эътирофни кейинги фаолиятим учун яна бир рағбат сифатида қабул қиламан. Мамлакатларимиз ўртасидаги дўстликни янада мустаҳкамлаш, халқларимиз фаровонлиги йўлида ўзаро муносабатимизни кенгайтиришга бундан буён ҳам ҳисса қўшишга тайёрман.
[gallery-6350]
Гўзал Сатторова, ЎзА