Эътибор ва ғамхўрлик намунаси
Бухоро вилояти Олот тумани Мухтор маҳалласида 2640 нафар аҳоли истиқомат қилади. Ҳудуддаги ўнта оила “Камбағаллик реестри”га киритилган бўлиб, уларни оғир ижтимоий вазиятдан чиқариш бўйича тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, Дилрабо Қаландарова оиласи ижтимоий хизматлар билан тўлиқ қамраб олинди. Унинг акаси 1-гуруҳ ногирони. Оиланинг ҳолати ижтимоий ходим томонидан ўрганилиб, зарур хизматларни кўрсатиш учун индивидуал режа ишлаб чиқилди.

Мазкур режа асосида “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази томонидан психологик ёрдам кўрсатилди. Акасининг икки нафар фарзанди фан тўгаракларига бепул жалб қилинди. Иссиқхона барпо этиш учун имтиёзли кредит ажратилди. “Аёллар дафтари” маблағлари ҳисобидан моддий ёрдам берилди.

Кўрсатилган ёрдамлар самарасида оила аъзолари иссиқхонада меҳнат билан банд бўлиб, ҳозирда помидор, бодринг, пиёзнинг доривор навлари ва турли кўкатларни етиштиришни йўлга қўйган. Бу эса уларни доимий даромад билан таъминлашга хизмат қилмоқда.
Ушбу ҳолат жамиятдаги ҳар бир эҳтиёжманд оилани ижтимоий қўллаб-қувватлаш орқали барқарор ҳаёт сари етаклаш мумкинлигини яна бир бор тасдиқлайди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.