Эшиги очиқ қолган хонадонга “кутилмаган меҳмон” келди
Мирзо Улуғбек туманидаги хонадонлардан бирида тунги вақтда эшик очиқ қолган. Буни сезиб қолган номаълум шахс уйга кириб, хонадон эгасининг ухлаб ётганидан фойдаланиб, ўғрилик содир қилган.
“Кутилмаган меҳмон” 3 дона уяли телефон, 7,5 миллион сўм, 3 минг АҚШ доллари ва жами 12 миллион сўмлик тилла тақинчоқларни ўғирлаб кетган.
Уй эгаси Сирожиддин К. ўғирлик содир этилганини билгач ички ишлар органларига ҳолат бўйича ариза билан мурожаат қилган.
Ички ишлар органи фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими ходимлари келиб тушган хабарга кўра зарур чора-тадбирларни амалга оширган. Натижада ушбу жиноятни содир этишда гумон қилинган 22 ёшли И.Н. аниқланиб, қўлга олинди. Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 169-моддаси билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов давом этмоқда.
Тошкент шаҳар ички ишлар Бош бошқармаси фуқароларга мурожаат қилиб, хонадон эшикларини очиқ ҳолда қолдирмасликни сўради.
ЎзА