Эронда зилзилами ё ядро синови?
Эроннинг Семнан вилоятида зилзила кузатилгани ҳақидаги хабарлардан бир неча кун ўтиб, ижтимоий тармоқда ер силкинишига мамлакатнинг биринчи ядровий синови сабаб, деган тахминлар урчиди.
Теҳрон университети сейсмография маркази 5 октябрь куни соат 22:45 да Арадан шаҳрида 4,4 магнитудали зилзила содир бўлгани, пойтахт шарқидаги баъзи жойларда ҳам замин қимирлаганини маълум қилди.
Марказий нуқтаси 12 км чуқурликда жойлашган табиий ҳодиса шимолга 35,42°, шарққа қараб 52,78° тарқалгани қайд этилди.
Шу хабар чиққандан кейин, бир неча соат ўтиб, ижтимоий тармоқда Теҳрон Исроил ҳужумини тўхтатувчи чора сифатида илк ер ости ядровий синовини ўтказишга уринган, деган тахминлар пайдо бўлди. Айни фараз Ислом Республикаси расмийлари ва Инқилобий Гвардия қўмондонлари мамлакатга иқтисодий, сиёсий ва ҳарбий босим кучайса, Теҳрон ўз ҳарбий мудофаа доктринасини ўзгартиради, дея қайта-қайта таҳдид қилган бир пайтга тўғри келди.
Эрон Миллий Хавфсизлик Кенгаши асосий ахборот воситаси сифатида норасмий фаолият юритувчи “Nor News” янгиликлар сайти эса хабарни “миш-миш” сифатида рад этди ва бундай амалиёт мамлакатнинг ядровий ва мудофаа доктринасига зидлигини таъкидлади.
Шунга қарамай, “Эрон ҳеч қачон сиёсатдаги ўзгаришни эълон қилмасдан туриб, бундай синов ўтказмайди” мазмунидаги фикр, хато чиқиши ҳам мумкин.
Яширин синов майдонлари борми?
2019 йил Вашингтонда жойлашган Демократия мудофааси жамғармаси Эрон “Дала лойиҳаси” номли ер ости ядро синови майдончалари қуриш дастурини йўлга қўйгани ҳақида эълон қилган эди. Ушбу фонд Эрон Ташқи ишлар вазирлиги томонидан беш йил давомида “Иқтисодий санкцияни қўллаш ва кучайтириш самарасини таъминлаш мақсадида Ислом Республикасига қарши ёлғон маълумот тарқатиш, шундай ёндашувни рағбатлантириш, зарур ҳолда маслаҳатлашиш, тилёғламачиликка асосланган ва салбий тарғибот олиб бориш кампанияси” учун қарши санкция рўйхатига киритилган.
2019 йил ҳисоботида тадқиқотчилар “2003 йил ер ости ядровий портловчи моддаси рентабеллигини ўлчашнинг сейсмик усулларини ишлаб чиқиш доирасида ер остида ядровий бўлмаган портловчи моддалар синовлари ўтказилган жойни аниқлаган”и ошкор қилинган.
Бу изоҳ охирги зилзила Теҳроннинг биринчи ядровий синови билан боғлиқ бўлиши мумкин, деган тахминни кучайтиради.
Эрон аввалроқ Семнан шаҳридан жануби-шарқда “Имом Ҳумайний” фазовий маркази ва ракета қароргоҳи мавжудлигини тан олган, бироқ бу объект зилзила марказий нуқтасидан 100 километр масофада жойлашган.
Айрим ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари Эрон Семнанда ошкор қилинмаган ер ости ядровий иншоотига эга бўлиши эҳтимолини истисно қилмаяпти. Яъни, синов ўтказиш учун Натанз каби таниш жой эмас, балки янги майдончадан фойдаланиш афзал кўрилгани хусусидаги тахмин янграяпти.
Теҳрон одатда Атом энергияси бўйича ядровий фаолияти тўғрисида халқаро агентликка ҳамма маълумотни ҳам беравермайди. Қолаверса, зилзилага мойил ҳудуд сифатида, кўпинча, ер силкиниши ушбу мамлакат учун табиий ҳол тарзида қабул қилинади.
Мусулмон Зиё, ЎзА