Ерни боқсанг – ер сени боқади
Давлатимиз раҳбари раислигида мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш, қайта ишлаш ва экспорт қилишни кўпайтириш чора-тадбирлари юзасидан куни кеча ўтказилган видеоселектр йиғилиши том маънода мамлакатимизда давлат сиёсати даражасига кўтарилган қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, аграр соҳага замонавий инфратузилмани олиб кириш, бизга берилган табиат неъматларидан самарали фойдаланган ҳолда мева-савзавотчиликни ривожлантиришга бағишланди.
Республикамиз аҳолисининг кундан-кунга ўсиб бориши ва мамлакатимизда озиқ-овқат заҳирасини кўпайтириш, келгусида дарахт ва мевали боғлар ҳудудини кенгайтириш юзасидан тинимсиз чора-тадбирлар олиб борилиши муҳимлигини англатади.
Айниқса, ҳар биримиз ўзимизнинг фуқаролик позициямиздан келиб чиқиб, аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиб обод қилиши, кўчалар ва маҳаллалардаги манзарали дарахтларни асраб-авайлаши, мевали кўчатларни экишни мунтазам йўлга қўйишни одатга айлантиришимиз лозим.

Давлатимиз раҳбари ўзининг нутқида пахта ва ғалла ерларининг 260 минг гектари озиқ-овқат етиштириш учун ажратилганини алоҳида таъкидлаб, яна қўшимча равишда 104 минг гектарни ажратишга руҳсат берилганини ҳам айтиб ўтдилар.
Албатта, бу рақамлар кичкина рақамлар эмас, балки мамлакатнинг эртанги куни ҳисобланиб, бошқа давлатлардан келадиган озиқ-овқат маҳсулотларига муҳтож бўлиб қолмаслигимиз учун қилинаётган ҳаракатдир.
Озиқ-овқат маҳсулотларини етиштиришни аввало ҳар бир хонадондан бошлашимиз лозим. Бу бўйича аҳолига сердаромад уруғ ва навларни экиш бўйича тавсия этиш билангина чекланиб қолмай, балки уларнинг парвариши ва кўп даромад олиш йўлларини ўргатиш соҳа мутахассисларига улкан масъулият юклайди.
Биламизки, юртимиз табиати мўътадил бўлгани сабабли барча турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари ва кўплаб мазали меваларни етиштирилганлиги боис, бутун дунёда Ўзбекистон мева-сабзавотларига талаб тобора ошиб бормоқда. Хусусан, мамлакатимиз ўрик экспорти бўйича дунёда 3-ўринга, гилос ва шафтоли бўйича 6-7 ўринга, мош ва бошқа дуккакли маҳсулотлар бўйича 10-ўринга чиққанининг ўзи фикримизнинг исботидир.
Шунингдек, биргина гилос 16 та мамлакатга экспорт қилинаётгани, ҳар ҳафтада 3-4 тонна узум АҚШга етказиб берилаётгани ҳам қувонарлидир. Бироқ, давлатимиз раҳбари ўзининг фикрларида, бугунги кундаги соҳага оид айрим муаммолар ва ечимини топишга қаратилган масалалар юзасидан ҳам фикр билдириб ўтди.
Хусусан, мева-савзавотларимизнинг экспорт ҳажмини янада ошириш, уларнинг кўлами ва турини кенгайтириш, ҳудуди катта бўлган Қашқадарё, Навоий ва Тошкент вилоятларида ишни тўғри ташкил этиш маслаларига алоҳида ёндошди. Шунингдек, Бухоро ва Сирдарё вилоятларининг экспортини янада ошириш ва озиқ-овқат етиштириш учун қулай имкониятларни яратиш, соҳага илмий асосланган замонавий технологияларни жалб этиш кераклигини алоҳида қайд этди.
Дарҳақиқат, бугунги кун кечаги кун эмас. Бутун дунё иқлими ўзгариб бораётган, тобора сув ва озиқ-овқат заҳираси камайиб бораётган мураккаб шароитда мамлакатимизнинг 37 млндан ортиқ аҳолисини ҳеч нимага зориқтирмай, йил давомида ҳам дастурхонини тўкин қилиш учун барчамиз бирдек масъулмиз. Айниқса, биз депутатлар олдидаги вазифаларимиздан бири, бу борада аҳолимизнинг соҳага бўлган қизиқишларини ҳамда уларнинг имкониятларни ҳисобга олиб, миллий қонунчиликни такомиллаштиришга хизмат қилувчи янги ташаббусларни илгари суриш, шунингдек, мавжуд қонунчилик меъёрларини тарғиботини олиб боришдан иборатдир.
Албатта, барчаси тадбиркорларимиз ва деҳқонларимизнинг меҳнати, ўткир зеҳни ва илмга асосланиб иш олиб боришлари натижасидандир.
Аҳолининг даромадини ошириш йўлида ҳозирда олиб борилаётган ислоҳотларимизнинг замирида ердан унумли фойдаланиш, дала майдонларига даромадли экинлар экиш ва уни парваришлаш албатта ўзининг самарасини беради. Республикамизнинг кўплаб ҳудудларига борганимизда тадбиркорларимиз томонидан дала четларидан унумли фойдаланаётганини, экин майдонларининг чеккасига тут, терак ва ток экилиб, келгусида юқори даромадга кириши натижасида яшаш шароитларини янада яхшиланишига замин яратади.
Бунинг учун эса, мамлакат аҳолисидан ерга бўлган муносабатини тубдан ўзгартиришига, айниқса, экин майдонларидан оқилона фойдаланишга чақиради.
Давлатимиз раҳбари томонидан деҳқон ва тадбиркорларимизга янада кенг имкониятлар яратиш, уларга имтиёзлар беришни кенгайтиришни алоҳида таъкидладилар. Айниқса, органик майдон ташкил қилган фермер ва деҳқонларга ерни лазер билан текислаш ҳаражати давлат томонидан қоплаб берилиши, турли сертификатларни олиш ҳаражатлари учун субсидия ажратилиши, йирик савдо тармоқларида органик маҳсулотлар учун алоҳида расталар ташкил этилиши каби имтиёзлар берилиши кўзда тутилмоқда.
Бир сўз билан айтганда, мамлакатимизнинг келгуси йилларда ҳам озиқ-овқатга бўлган эҳтиёжини талаб даражасида қондириш ва соҳага оид қонунчиликни такомиллаштириш доимо эътиборда бўлади. Зеро, соҳибқирон Амир Темур “Қай бир жойдан бир ғишт олсам, ўрнига ўн ғишт қўйдирдим, бир дарахт кестирсам, ўрнига ўнта кўчат эктирдим”, - деган сўзлари фикримизнинг яққол далилидир.
М.Ахмедова,
Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик палатаси депутати,
Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси аъзоси