Ерни боқсанг, ер сени боқади
Меҳнатсевар, мард халқимиз Президентимизнинг мурожааталаридан руҳланиб, янада жипслашиб, бирдам бўлиб жавоб беришади, мен бунга ишонаман.
Муносабат
Президентимизнинг 3 апрель куни кенгайтирилган видеоселектор йиғилишида коронавирус пандемияси даврида янада бирдам, ҳамфикр бўлиш ва бу синовли кунларини беталофат ўтказиш ҳақида халқимизга қилган мурожаатлари барча қатори мени ҳам ҳаёжонга солди. Шу билан бирга ҳушёрликка ҳам чорлади.
Каттаю кичикни баҳамжиҳат бўлиб, қатъий тартиб-интизомга, карантин қоидаларига риоя этишга, сабр-бардошли бўлишга даъват этди. Уйда бир қарич ердан ҳам унумли фойдаланиш учун зарур тавсия ва кўрсатмалари берилди.
Аммо, шоли ҳам курмаксиз бўлмаганидек, ўз томорқасидан унумли фойдаланмаётганлар ҳам учраб туради? Баъзи ҳовлиларга кирсак, бир туп мевали дарахт кўрмайсиз? Экин-тикинни айтмасак ҳам бўлади, каттагина томорқаси бўла туриб, ҳатто кўкатни ҳам сотиб оладиганлар бор.
Ичимда бир хавотирим бор, агар биз ёши улуғлар, фарзанд, набираларимизни меҳнатга, томорқа ишларига ўргата олмасак, албатта улар енгил-елпи пул топиш илинжида чет элларга кетиб, ўз соғлигини йўқотиб қайтадилар.
Халқ депутатлари вилоят кенгаши депутати бўлиб, уйма-уй, хонадонма-хонадон юрганимизда қишлоқда, 10-12 сотих ери бор оила фарзандлари четга иш қидириб кетгани, томорқа эса ишчи кучи йўқлигидан, қаровсиз ҳолатда эканини кўриб ачинганман. Ўша четдан топган пулни ўзини томорқасидан ҳам топса бўлади-ку?
Ҳовли атрофига терак экса, келгусида фарзандлари учун қуриладиган уйларга ёғоч, тахта излаб юрмайди, еридан эса бир йилда икки марта ҳосил олиш мумкин, баҳорги, кузги экиладиган экинларимиз бор. Айни дамда, тегишли ташкилот ходимлари туманларга чиқиб, керакли кўчатларни етказиб бермоқдалар, биздан эса ҳаракат талаб қилинади.
Яқинда бир ҳолатга гувоҳ бўлдим, кўп қаватли уйда яшовчи бир аёл гул кўчатлари етиштирибди, энди помидор, бодринг, лимон ниҳоллари етиштириш ҳақида режа қилаётгани ҳақида тўлқинланиб гапириб қолди. Бу ибрат, намуна унинг оиласида камолга етаётган фарзандлар учун дарс бўлади.
Юртимизда ҳар бир инсон эътиборда экани кунда бир намоён бўлмоқда. Ҳар бир ҳамюртимизнинг соғлиги, хавфсизлиги учун қайғурилмоқда. Бу синовли кунларда аҳолини сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш долзарб вазифага айланган. Бундай вазифани бажаришда ҳар бир томорқаси бор оилалар четда томошабин бўлиб тура олмайди, ҳатто 1 сотих ери бўлса ҳам нимадир экиб, оиласи учун қайғуриши, ҳаракат қилиши лозим. Кимдир кўкат, кимдир полиз экинлари, помидор, бодринг ва ҳоказолар экиб, рўзғорига барака олиб келиши мумкин-ку? Ахир “Ерни боқсанг, ер сени боқади” деб бежиз айтилмаган.
Шу кеча кундузда айни томорқада шуғулланадиган дамлар, карантин туфайли вақтимиз анча бемалол бўлиб қолганидан унумли фойдалансак, ҳаммамиз учун ҳам фойдалидир, айниқса соғлик учун жисмоний меҳнатнинг ўрни беқиёсдир.
Меҳнатсевар, мард халқимиз Президентимизнинг мурожааталаридан руҳланиб, янада жипслашиб, бирдам бўлиб жавоб беришади, мен бунга ишонаман.
Бу кунлар албатта ўтади, яхши кунларимизни пок ниятлар билан кутишимиз, эътиқодли, имонли халқ эканлигимизни унутмаслигимиз керак.
Буюк бобомиз Баҳовуддин Нақшбандий “ Қўлинг меҳнатда, дилинг Оллоҳда бўлсин” деб, ўгит қилганларини эсга олиш кифоя. Яратганнинг ўзи, буюк аждодларимизнинг пок руҳлари бизни қўллайди.
Муҳаббат ШАРАПОВА,
Ўзбекистон Қаҳрамони,
Халқ депутатлари Қашқадарё
вилояти Кенгаши депутати