Ерларни ижарага бериш муддати узайтирилмоқда
Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни ижарага бериш муддати амалда 30 йил. Эндиликда эса ушбу муддатни 49 йилга узайтириш таклиф этилмоқда. Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини ижарага беришнинг энг кўп муддати эса 49 йил этиб белгиланмоқда.
Парламент қуйи палатаси мажлисида ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни тизимлаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқилди. Унга кўра, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни ижарага бериш муддатини узайтириш таклиф қилинмоқда.
Шунингдек, чет эл фуқаролари ва юридик шахслари, фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳамда чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналарга қишлоқ хўжалиги ерларидан иккиламчи ижара ҳуқуқи асосида фойдаланиш тартиби белгиланмоқда. Унга кўра, амалдаги 25 йил ўрнига 49 йилга ижарага бериш кўзда тутилмоқда.
Шу билан бирга, халқаро амалиётдан келиб чиқиб қонунчиликдаги чет эл фуқароларига ер ажратиш билан боғлиқ тарқоқ нормалар тизимлаштирилмоқда. Мудофаага мўлжалланган, чегара, тарихий-маданий ерлар ва ўрмон фонди ерлари чет элликларга берилмаслигига қаратилган нормалар ўз аксини топмоқда.
Шунингдек, ноқишлоқ ерларни аукцион орқали ижарага олиш ва ушбу ерни қайта ижарага беришга рухсат берилмоқда. Бундан ташқари, якка тартибдаги уй-жойлар жойлашган ер участкаси ижара ҳуқуқи асосида берилиши мустаҳкамлаб қўйилмоқда.
Қонун лойиҳасидаги нормалар ер муносабатларида давлат назоратини мустаҳкамлайди, мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини оширади ҳамда ер ресурсларидан самарали фойдаланишга хизмат қилади.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА