Эрк шоири, ҳуррият куйчиси
Ўзбекистон халқ шоири Рауф Парфи шеърияти миллий озодлик, ўзлик, Ватан, руҳият, тафаккур ҳурлигидек ғоялар билан йўғрилган. Адабиёт аҳли Рауф Парфини самимий, содда, болалардек беғубор ва айни дамда ғурури баланд, ўз тақдирини, ҳаётини шу юрт, миллат тақдири билан вобаста кўрган ижодкор сифатида хотирлайди.
Маълумотларга кўра, Рауф Парфи (Турсунали Парфиев) 1943 йил 27 сентябрда Тошкент вилоятининг Шўралисой қишлоғида туғилган. Унинг ижоди ўтган асрнинг 60-йилларидан бошланган. Рауф Парфи 1960-1965 йиллар давомида ТошДУнинг – ҳозирги Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг филология факультетида таҳсил олган.
Ижодкорнинг дастлабки шеърлар тўплами «Карвон йўли» номи билан 1968 йилда нашрдан чиққан. Кейинчалик Рауф Парфининг «Акс-садо» (1970), «Тасвир» (1973), «Хотирот» (1974), «Кўзлар» (1976), «Қайтиш» (1981), «Сабр дарахти» (1986), «Сукунат» (1991), «Тавба» (2001), «Сўнгги видо» (2006) каби шеърий тўпламлари чоп этилган.
Филология фанлари доктори, профессор Нўъмон Раҳимжонов фикрича, Рауф Парфи шеъриятининг асосий мавзуси — бу шахс эрки, Ватан мустақиллиги ва Туркистон, Турк дунёсининг бирлиги. Унинг шеърияти XX аср турк одамининг абадий шуурини, кескин руҳиятини муқаддас туркий тилда ифодалашга жазм этган ва муродига етган жасоратли шеъриятдир. У шоир сифатида ўзгалардан фарқли ўлароқ қийин, машаққатли, лекин чин шоир тажаллиси-ла ижодининг бошидан то бу кунга қадар замона зайлининг аччиқ шамолларида эгилиб букилмади, синмади. Асосий мавзусига содиқ, эътиқодида собит яшади.
Шу боис Рауф Парфи ижоди миллий адабиётимизнинг етук дарғалари, адабиётшунос олимлар, устоз ижодкорлар томонидан юксак эътироф этилган. Айни пайтда Рауф Парфи ижоди хорижий адабиётшунос мутахассислар томонидан ҳам батафсил ўрганилгани, тадқиқ қилингани, эътироф этилгани эътиборлидир.
Рауф Парфи Байроннинг «Манфред», Нозим Ҳикматнинг «Инсон манзаралари», Карло Каладзенинг «Денгиз хаёли» каби асарларини ўзбек тилига таржима қилган. Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонига асосан 1999 йилда “Ўзбекистон халқ шоири” унвонига сазовор бўлган.
Мамлакатимизда миллий адабиёт ривожи йўлидаги эътибор натижасида кейинги йилларда Рауф Парфи ижодини ўрганиш ва тарғиб этиш, унинг хотирасини абадийлаштириш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда. 2023 йилда шоир таваллудининг 80 йиллиги мамлакатимизда кенг нишонланди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан унинг ижодига оид китоблар нашр этилди.
Эрк шоири ёдига бағишлаб мушоиралар, адабий тадбирлар, шеърият кечалари ташкил этилди. Буларнинг бари миллий сўз санъатимиз равнақига ҳисса қўшган жамики устоз ижодкорлар хотирасини эъзозлаш, асарларини тарғиб этиш борасидаги эзгу ва савобли ишларнинг амалий натижасидир.
Назокат Усмонова, ЎзА мухбири