Ерга чигит қадаш ишлари олиб борилмоқда
Баҳор фаслида кунлар исиши билан далаларда деҳқончилик ишлари бошлаб юборилади. Баҳорнинг ҳар бир кунини ғанимат билган деҳқон борки, ерга уруғ қадайди. Мақсади мўл ҳосил олиш. Шу кунларда барча ҳудудларда ерга чигит экиш ишлари бошлаб юборилган.
Навоий вилоятида ҳам ушбу мавсумни қисқа кунларда якунлаш мақсадида чора-тадбирлар белгиланган бўлиб, жорий йил пахта ҳосили учун 24 минг 730 гектар майдонга чигит экиш режалаштирилган.

Айни пайтда вилоятнинг Кармана, Навбаҳор, Қизилтепа, Хатирчи ва Конимех туманларида ерга чигит қадалмоқда.
– Жорий йилда ўтган йилда йўл қўйилган камчиликлардан хулоса чиқарган ҳолда чора-тадбирлар белгилаб олганмиз, – дейди вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси пахтачилик бўлими бошлиғи Шербек Пардаев. – Чигит экиш мавсумига пухта тайёргарлик кўрилди ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Пахтачилик кенгаши тавсиясига асосан 10 минг 416 гектар майдонга Хитойнинг Шинжон технологияси асосида 76/10 схемалик қўшқатор усулда чигит экилмоқда. Унинг 4 минг 946 гектарига маҳаллий, 5 минг 470 гектарига хорижий навлар жойлаштирилади. Қолган 14 минг 314 гектар майдонга 90 сантиметрлик схемадан воз кечган ҳолда 76 сантиметрлик оралиқда чигит экилади.

Албатта, баҳорнинг ҳар бир кунини ғанимат билган фермерлар бугун чигит қадаш билан банд.
Айни пайтда Қизилтепа туманида ҳам баҳорги дала юмушлари бошлаб юборилган. Туманнинг Ўрта чўл ҳудуди иқлими жиҳатдан бошқа ҳудудлардан тубдан фарқ қилади. Бу ерга баҳор эрта келади. Шу боисдан дала юмушлари барвақт бошланади. Натижада эса ҳосилни йиғиштириб олиш ишлари ҳам бошқа ҳудудларга қараганда10-15 кун аввал бажарилади.

“Валиобод” фермер хўжалиги нафақат туман ва вилоятда, балки республикада ҳам илғор хўжаликлардан бири саналади. Унга “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳибаси Раъно Валиева раҳбарлик қилади. Опа ҳар йили ғалла ва пахтачиликда мўл ҳосил олиб, ўз мактабини яратган. Жорий йилда фермер хўжалигида 24 гектар майдонга чигит экиш режалаштирилган.

– 2024 йилда 52 гектар майдонда буғдой, 31 гектар майдонда пахта етиштирган эдик, – дейди Р.Валиева. – Ғаллачиликда ҳам, пахтачиликда ҳам мўл ҳосил олдик. Бунга сабаб ишчиларимизга барча шароитларни қилиб берганмиз. Натижада манфаатдорликни ҳис қилган фермер хўжалигимиз аъзолари ҳамжиҳатликда меҳнат қилиб, барча агротехник тадбирларни ўз вақтида олиб боради. Ўз вақтида қилинган меҳнат эса ҳар доим самарасини берган. Бу йил эса чигитнинг С-01 ва Бухоро-10 навини экдик. Бу навлар иқлим шароитимизга мос келади ва ундан ҳар йили мўл ҳосил олиб келяпмиз.
Мутахассисларнинг фикрича, чигит белгиланган муддатларда экилса эртаги, бир текис ва соғлом кўчат олинади. Бунга уруғ юмшоқ, нам ва ҳарорати етарли бўлган тупроққа қадалганида эришилади.
Айни пайтда вилоятда пахтачилик билан шуғулланувчи туманларда чигит экиш билан биргаликда ерни тайёрлаш ишлари ҳам олиб борилмоқда. Вилоятда мавсумни сифатли ва қисқа муддатларда якунлаш учун барча чоралар кўрилган.
Абдували Бўриев, ЎзА мухбири