Эрдоған Туркия ва Арманистон муносабатини тиклаш ҳақида
Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған Анқара Арманистондан икки томонлама муносабатни нормаллаштириш масаласида аниқ қадамлар кутаётганини “TRT” телеканалига суҳбатида айтиб ўтди.
1 июль куни Вена шаҳрида бўлиб ўтган Туркия ва Арманистон махсус вакиллари йиғилишида учинчи давлат фуқаролари учун қуруқликдаги Арманистон - Туркия чегарасини имкон қадар тезроқ кесиб ўтиш имкониятини таъминлаш, икки давлат аро тўғридан-тўғри ҳаво транспортида юк ташишни йўлга қўйиш бўйича қарор қабул қилинган эди.
Чегарадош Арманистон ва Туркия ўртасида айни пайт дипломатик алоқа мавжуд эмас. 2009 йил Цюрихда икки давлат ташқи ишлар вазирлари дипломатик муносабат ўрнатиш ва муносабат тамойилини белгилаш тўғрисидаги протоколларни имзолаган. Бироқ бу ҳужжатларни томонлар ратификация қилмаган.
2018 йил Арманистон протоколлар бекор қилинганини эълон қилди. 2021 йил эса ўзаро муносабатни тартибга солиш бўйича махсус вакиллар институти ташкил қилинган.