Ердан фойдаланиш тартиби қонун ҳимоясида
Кадастр агентлиги Сирдарё вилояти бошқармаси Гулистон шаҳар бўлими томонидан ўтказилган ер назорати тадбирлари давомида жорий йилнинг 1 ноябрь кунига қадар 39 та ҳолатда 0.32 гектар ер майдони ўзбошимчалик билан эгаллаб олингани аниқланди. Модомики, бундай қонун бузилиш ҳолатлари ҳамон кузатилаётган экан, уларнинг олдини олиш мақсадида қандай ишлар амалга оширилмоқда?
Ушбу савол билан Кадастр агентлиги Гулистон шаҳар бўлими бошлиғи Зариф Матмусаевга мурожаат қилдик.
– Ер ва ундан фойдаланиш тартиблари қонун билан тўлиқ тартибга солинган, – дейди З.Матмусаев. – Бироқ назорат тадбирлари давомида кўряпмизки, жойларда амалдаги тартибларга кўр-кўрона муносабатда бўлиш ҳолати ҳам учрамоқда. Бунинг олдини олиш учун бошқармамиз томонидан доимий назорат ишларини ташкил этиш режаси ишлаб чиқилди. Унга мувофиқ ҳафтанинг ҳар душанба куни “Ер қонун бузилишларининг олдини олиш ва барвақт аниқлаш куни” деб эълон қилинган. Шу куни соҳада олиб борилаётган ишлар таҳлил этилиб, галдаги вазифалар белгиланмоқда. Бундан ташқари, мавзу доирасида ўқув семинарлари ҳам ташкил этилиб, ходимларнинг малакаси ошириб борилмоқда.

Соҳага янги йўналишларнинг жорий этилиши ишимизни янада жадаллаштиришга замин яратмоқда. Жумладан, Маъмурий амалиёт йўналиши орқали йилнинг ўтган даврида ер билан боғлиқ қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйган 142 нафар фуқарога нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик аниқланиб, уларнинг 111 нафарига 334 миллион сўмдан ортиқ миқдордаги жарима чораси қўлланилди. Шунингдек, юқоридаги қарор ижросини таъминлаш мақсадида халқаро стандартларга жавоб берадиган махсус “E-yer nazorat” (ID) дастури амалиётга киритилди. Унинг асосий мақсади ерга алоқадор қонун бузилиш ҳолатларини содир этган шахслар тўғрисидаги маълумотлар базасини шакллантиришдан иборатдир.
Тегишли ер майдони, жойлашган манзили, қачон ва қайси қонун бузилгани, кўрилган чоралар хусусида суд, прокуратура, ИИБ, МИБ ва бошқа ҳамкор ташкилотлар билан маълумотлар алмашиш имконияти яратилиб, ҳозирда ушбу дастурдан кенг фойдаланиб келинмоқда. Айтиш жоизки, бу борадаги муаммоларни бартараф этишда қонуний тарғибот ва тушунтириш ишларининг самараси жуда катта. Шу боис аҳолига ердан фойдаланиш тартиблари юзасидан мурожаатлар, огоҳлантиришлар бериш билан бир қаторда тушунтириш ишларини ҳам олиб боряпмиз. Бунинг учун ОАВ ҳамда ижтимоий тармоқларда Кадастр агентлиги Сирдарё вилояти бошқармаси томонидан узлуксиз чиқишлар қилинмоқда. Ҳудудларда фуқаролар билан учрашувлар ташкил этилиб, очиқ мулоқотларда мавжуд муаммолар таҳлил этилмоқда.
Қарс икки қўлдан чиқади, дейдилар. Ер билан боғлиқ муаммоларнинг олдини олишда, аввало, фуқароларнинг ҳуқуқий билимларини шакллантириш мақсадга мувофиқ. Агар юртдошларимиз ўз ҳақ-ҳуқуқлари билан бир қаторда бурч ва мажбуриятларини ҳам яхши англашса, юқорида тилга олинган қонун бузилиш ҳолатлари юз бермас эди.
Ш.Суяров
ЎзА мухбири