Ердан фойдаланиш самарали бўлмоғи даркор
Президентимизнинг 2024 йил 30 декабрдаги “Қишлоқ хўжалиги майдонларидаги қўшимча имкониятлардан фойдаланган ҳолда маҳсулот етиштиришни кўпайтиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш борасида Наманган вилояти Тўрақўрғон туманидаги “Бураматут гулшани” фермер хўжалигида навбатдаги амалий-семинар ўтказилди.
Унда республика Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги раҳбари Иброҳим Эргашев, Наманган вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Анваржон Ҳакимов, туман сектор раҳбарлари ҳамда Учқўрғон, Уйчи, Норин, Чортоқ, Тўрақўрғон, Наманган, Янгиқўрғон туманларидан масалага дахлдор масъуллар иштирок этди.

Давлатимиз раҳбарининг мазкур қарорига асосан Наманган вилоятида 2025 йилда дала четларига 555 гектар майдонга 441,1 минг дона ва суғориш ва коллектор-дренаж тармоқлари атрофидаги 26,9 гектар бўш майдонларга 21,4 минг дона мевали ва манзарали кўчат экилиши мўлжалланган. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ушбу экилган кўчатлардан 2 минг 147 тонна, 7 миллиард 769 миллион сўмлик даромад олиш мумкин.

Ҳозирга қадар 271, 7 гектар дала четларига 233 минг дона, 10,2 гектар суғориш ва коллектор-дренаж тармоқлари атрофига кўчатлар экилган. Семинарда экиладиган мевалар тури, хусусияти, экологияга ижобий таъсири, даромади бўйича батафсил тушунтириш берилди.


Оқилхон Дадабоев, ЎзА