Эр йигитлар манглайидан оққан тер
Она юрт сарҳадини ёвуз ёғийлардан қўриқлаш нечоғли мураккаблиги Ватан ҳимоячилари билан ёнма-ён юрганда яққол билинади.
Эр йигитлар манглайидан оққан тер бунга исбот. Уларнинг ору ғурури ўзидан баланд, ўзидай келбатли.
Мудофаа вазирлигининг Шарқий ҳарбий округ «Ғурумсарой» ҳамда Тошкент ҳарбий округининг «Ангрен» дала-ўқув майдонларида бўлиб ўтган махсус-тактик ўқув машғулотлари юртимиз тупроғига бирор ёв йўлолмаслигини амалда кўрсатди. Унда вертолёт авиацияси ёрдамида бўлинмаларнинг жипсликдаги ҳаракатлари, мураккаб вазиятларда кескин қарор қабул қилиш кўникмалари синовдан ўтказилди.

Уч босқичда ташкил этилган мазкур ўқувда дастлаб бўлинмалар бевосита узоқ масофага марш юриш, ҳаракат давомида зарарланган ҳудуд ва шартли душман пистирмасидан талафотсиз ўтиш, учувчисиз учиш аппаратларидан ҳимояланиш шартларидан муваффақиятли ўтди. Шунингдек, душман ортига гуруҳларни десантлаштириш, разведка ва махсус тадбирларни олиб бориш, қидирув-қутқарув ҳамда бўлинмаларни жанговар қўллаш ҳудудидан эвакуация қилиш шартларини амалда бажарди.
Ҳеч қандай хавф ҳарбий хизматчиларнинг кўнглига қўрқув сола олмайди. Чунки улар жанговар ўқув машғулотларида маҳорат, матонат ва иродасини тоблаган. Об-ҳавонинг ҳар қандай шароитида, исталган вақтда душман хатарини енгиб ўтишга қодир. Ватан чорлови эр йигит учун ғурур, орият ўртага қўйилган онт сингари муқаддас. Ватан деса, дунёларни жунбушга келтирар шашти, шахди бор. Унга бундан-да, ортиқроқ шараф йўқ.
Ушбу ўқув бизнинг машғулотдаги дастлабки иштирокимиз эмас. Аммо бу галгиси одатдагидан бўлакча эди.
Соат тунги 2:18. Кўпчилик мириқиб ором олаётган бу пайтда жасур ўғлонлар полигонда ўрнатилган палаткаларда навбат алмашиб, тоғу тош, қамишзору тўқайзорлар, қўйингки, душман қадам олиши мумкин бўлган барча пана-пастқамларда сарҳадларни қўриқлаб, тун бўйи сергак турибди. Ҳушёрлик ва жанговар шайликни йўқотмаслик уларнинг бирламчи муроди. Ғаним бўй кўрсатдими, ер билан яксон этади. Улар яхши билади, борди-ю, душман юрт ичкарисига кирса, унинг меҳрибон онаси, мушфиқ опа-синглиси, рафиқаси, қўйингки, юртдошларининг ҳаёти хавф остида қолади, тинчи бузилади. Шу боис бу норғул йигитлар юрт тинчлиги ва ҳимояси йўлида бутун умри, керак бўлса, жонини тиккан. Айни пайтда оиласи бағрида хотиржам ухлаётганлар бир кунини ана шу заҳматда ўтказа олармикан?! Шундай шароитда чидами, сабру тоқати дош берармикан?!

Навбат алмашганлар эса чаён, қорақурт сингари заҳарли газандалар чақишидан ўзини ҳимоя қилиш учун ётоқ жойи атрофига керосин ёки бирор ёнилғини айлантириб сепиб қўяди. Аслида душман ҳужуми олдида бундай хавф чикора. Аммо бу азбаройи ўз ҳузур-ҳаловати учун эмас, балки унинг заҳридан жонига бехос зарар етса, душманга қарши чалажон, яримжон ҳолда курашмаслик юзасидан ўйланган чорадир. Шундай фидойилик, ватанпарварликни қалбан ҳис этиб, кўзларинг билан кўргач, қароғингга уйқу келармиди?! Филҳақиқат, бу ўй ичра кўзга сира уйқу инмайди. Бу безовталик бизни ётоқхонага кирмай, унинг шундоққина ёнидаги бўлинмалар учун мўлжалланган руҳий тўсиқлар йўлаги синовларидан ўтишга ундади. Қоқ тун ярмида дастлабки меъёрларни бажаришга тиришамиз. Ҳар ҳолда, тун пардаси тўсиқлардан чираниб, ўта олмай қолганимиз, ўтсак ҳам ҳаллослаб йўл қўйган хатоларимизни атрофга, ўзимиздан ўзгасига кўрсатмайди. Хулоса шу бўлдики, ҳар қанча тайёргарлик кўрмайлик, ушбу тўсиқлар йўлагидан бўлинма ўғлонларидек жуда қисқа муддатда муттасил, аниқ ва бекаму кўст ўтишни уддалашимиз маҳол экан. Шу алфозда ётоқхонага қайтиб, тағин ухлай олмай, сиз ўқиётган шу сўзлар қаламдан қоғозга тўкилди. Қарабсизки, тонг. Яна машғулотларни кадрга муҳрлаш, ёритиш учун тадорик фурсати етади…

Дунё ва минтақада тез ўзгараётган таҳликали вазият, ҳарбий ҳаракатлар театри юрт ҳимоячиларидан ўз устида тинимсиз изланиш, соҳани мукаммал ўзлаштиришни талаб этади. Шарқий ҳамда Тошкент ҳарбий округлари қўшинларига қарашли бўлинмалар томонидан машғулотнинг ҳар бир босқичида жанг олиб боришнинг янги усул ва услубларидан кенг фойдаланилди. Замонавий ахборот тизими қўлланган тактик ўқув давомида гуруҳларга бўлинган ҳарбий хизматчилар томонидан шартли душманни қуршовга олиш ва йўқ қилишга қаратилган машқлар бажарилди. Бевосита қуршовга олинган душманга қарши авиация зарбалари берилди.
Кейинги йилларда жанговар ўқув машғулотларини ўтказиш сифат жиҳатидан тубдан ўзгарди. Масалан, амалиётларда ўқ сарфи ва жанговар техникалардан фойдаланиш ҳажми ортди. Мазкур тактик ўқувда ҳам пулемёт, миномёт, гранатомёт каби қуроллар кенг қўлланилди. Гуруҳ қуролларидан шартли душман тирик кучлари ўққа тутилди.
Тўрт кун давом этган махсус-тактик ўқуви алп ўғлонларга нафақат янги билим ва кўникмалар берди, балки ўзаро тажриба алмашиш имкониятини яратди. Кези келганда, айтиш жоизки, улар билан ёнма-ён, ҳамроҳ юрган ҳарбий журналистларнинг маҳорати ҳам шу каби жанговар ўқув машғулотларида, дала-ўқув майдонларида бўй кўрсатади. Полигоннинг чанг-ғубори, тоғу тошлари қадрдонингга айланади. Ватан ҳимоячилари билан бир сафда юриб, ҳарбийлар сингари юрт тинчлиги, осудалигини росмана ҳис этасан. Шартли бўлса-да, таҳдидлар театри, ўқ ларзасидан тоғларнинг титроғини юракдан ўтказасан.
Дарвоқе, тер. Йигит юзидаги тафт қуёш нурига нечоғли омихталашса, пешона тери саратон офтобининг заррин зиёсида шунчалик ёрқин ялтиллайди. Ўзбекнинг том маънода пешонаси ялтираган, мард, асл фарзандлари шундай бўлади! Машғулотнинг якуний натижаси адоқсиз терлардан англашилади гўё.
Дилшод РЎЗИҚУЛОВ,
лейтенант.
ЎзА