Ер – хазина, томорқа –тўкин турмуш манбаи
Қиш фасли –иш фасли
Сурхондарё серҳосил экин майдонларига, ёзу қишда ҳам деҳқончилик учун қулай шароитга эга вилоят. Дала-даштига хивични қадаб қўйса, кўкариб кетадиган бетакрор воҳа.
Мамлакатимизда томорқа ер эгаларига яратилаётган шароитлар воҳада иссиқхоначиликни ривожлантириб, йилнинг тўрт фаслида ҳам бозорларимизни янада серфайз, арзон, дастурхонларимизни тўкин қилишга қулай муҳит яратди. Содда қилиб айтганда, ҳовлисида мўъжазгина томорқаси, ариғида суви бор уддабурон деҳқоннинг “кетмони учадиган” давр келди.

Яқинда йўлимиз тушиб, Шўрчи деҳқон (озиқ-овқат) бозорини айландик. Бозор энди узилган помидор, бодринг, булғар қалампири, редиска ва турли кўкатлар билан кўзимизга янада файзли кўринди. Бундан олти-етти йил аввал қиш чилласида бозордан фақат уруғини ёки қуритилганини топишингиз мумкин бўлган маҳаллий бу ноз-неъматлар сафига маҳаллий шароитда етиштирилган қулупнай ҳам қўшилибди.
– Қулупнай қаерники? – сўраймиз сотувчидан.
– Шўрчиники, десам ишонмасангиз керак, – дейди ним табассум билан сотувчи. – Чунки, авваллари қишда Шўрчида қулупнай парваришланмаганини билсангиз керак. Лекин бу ўзимизнинг маҳалладаги парникда етиштирилган. Эгаси сотиб беринг, деб эрталаб ташлаб кетган эди. Олинг, шугина қолди. Арзонга бераман. Килоси 60 минг сўмдан...

Шу суҳбат сабаб бўлиб, шўрчиликларнинг иссиқхонада сархил маҳсулотлар етиштириши, қулупнай парваришлаши қай даражада оммалашаётгани билан қизиқдик.
Маълумотларга кўра, туман аҳолиси 2,5 минг гектар майдондаги томорқада деҳқончилик қилади. Мева-узум етиштиради. Полиз- сабзавот маҳсулотлари, дуккакли экинлар парваришлайди. Айни пайтда аҳоли томорқасининг 1 минг 600 гектарида иссиқхона барпо этилган. Қишда ҳам ёздагидек ҳарорат бўладиган иссиқхоналарда помидор, бодринг, қулупнай ва бошқа озиқ-овқат экинлари парваришланади. Айниқса, Кушон, Жойилма, Ободон, Сауртепа, Бахштепа каби маҳаллаларда қулупнайчилик яхши ривожланмоқда. Томорқадан унумли фойдаланиш, кўпроқ қўшимча даромад топиш, янада тўкин яшаш учун илғор тажрибаларни ўрганиб, амалда қўллаш ажойиб анъанага айланмоқда. Шу пайтгача баҳор ва ёз ойларида очиқ далада қулупнай парваришлаган бўлса, эндиликда куз ва қиш фасллари ҳам бозорга ажойиб резавор, ширин озуқа етказиб бераётир.

Мутахассислар фаол шифобахш восита сифатида таърифлайдиган қулупнайни иштаҳа очадиган, ҳазм қилиш фаолиятини меъёрлаштирадиган неъмат, дея улуғлайди. Айтишларича, унинг бошқа шифобахш хусусиятлари ҳам бўлиб, хотирани яхшилайди. Кўриш қобилиятини оширади. Юракка фойда. Қонда қанд миқдорини нормаллаштиради. Таркибидаги антиоксидантлар организмни эрта қаришдан ва жиддий касалликлардан ҳимоя қилади. C витаминга бой. Саратон касаллигининг олдини олади. Яллиғланишни ва аллергия билан боғлиқ айрим биокимёвий реакцияларни бостиради.
Демак, шўрчиликлар қишда ҳам қулупнай етиштириб, оилавий бюджетига қўшимча даромад олиб келиш баробарида истеъмолчиларга фойдали, табиий, шифобахш мева улашмоқда.

– Ёз фасли хонадонларда қиш ва эрта баҳор учун дармон бўлади, дея қулупнай мураббоси тайёрланар эди, – дейди Бахштепа маҳалласида яшайдиган Ҳикматилла Аллаёров. – Энди қишин-ёзин бозорларимизда сероб бўлиб қолди. Кўнглингиз тусаганда шундоқ бозорга чиқиб, янги узилганини сотиб олишингиз ва истеъмол қилишингиз мумкин. Бу ҳам бўлса, кейинги йилларда давлатимизнинг томорқа ер эгалари учун яратаётган қулай шароитларнинг амалдаги самарасидир.
Шўрчи туманидаги Кушон маҳалласида яшайдиган Ислом Жўраев томорқасида қулупнай парваришланаётганига уч йил бўлмоқда. Дастлабки йил икки сотих ерда қулупнай экиб, яхшигина даромад топган деҳқон ўтган йили гидропоника усулида маҳсулот етиштиришни йўлга қўйди. Янги иссиқхонада қулупнайнинг 2,5 минг туп менхиянг навини экди. Янги йил арафасида пишиб етилган маҳсулот эндиликда иссиқхона соҳибига қўшимча даромад келтирмоқда.
Сауртепа маҳалласидаги томорқаларнинг еттита иссиқхонасида қулупнай парваришланади. Беш сотих майдонда ширингина мева етиштираётган Бахтиёр Ғуломов ҳам бу соҳа ҳадисини олди.
– Бир неча йил иссиқхонамизга помидор, бодринг экдик, – дейди Бахтиёр Ғуломов. – Бу йил сердаромад қулупнай кўчатларини қададим. Меҳнати кам, даромади кўпроқ бўлган қулупнай кўчатини бир марта эксангиз, уч йилгача ҳосил олиш мумкин. Ҳозир ҳар беш кунда 9-10 кило ҳосилни йиғиб, бозорга олиб чиқяпмиз. Қишда ҳам оиламизга яхшигина даромад келаётганидан хурсандмиз.
Мамлакатимизда иссиқхона ташкил этмоқчи бўлган деҳқонларга имтиёзли кредит маблағлари ажратилаётгани шу пайтгача хорижда меҳнат қилиб юрган айрим юртдошларимизни оила бағрига қайтармоқда. Четда ишлаш билан томорқасида йил ўн икки ой меҳнат қилишни тошу тарозига қўйиб кўраётган баъзи юртдошларимиз иссиқхоначиликни танлаётир. Чунки, ўз уйида, тағинам оиласи, қавму қариндошлари кўз ўнгида озиқ-овқат экинларини парваришлаб, чет элдагидан кам даромад топмаяпти.
Ободон маҳалласида яшайдиган Рўзибой Абдуназаров хорижда меҳнат қилиб, рўзғорини тебратиб юрган эди. Ўтган йили ёзда чет элдан қайтгач, тўрт сотих томорқасида иссиқхона қурди.
– Бунинг учун тижорат банкининг имтиёзли кредитидан фойдаландим, – дейди Рўзибой Абдуназаров. – Ўтган йил сентябрь ойида иссиқхонага 1 минг 200 туп қулупнай кўчати қададим. Янги йил олдидан ҳосил пишиб, етилди. Пишган қулупнайни териб, пешма¬пеш бозор расталарига олиб чиқяпмиз. Ҳар беш кунда 5-6 кило мевани 80-100 минг сўмдан сотяпмиз. Биласизми, энди ўзга давлатлардан топадиган маблағни оилам, фарзандларим бағрида туриб топяпман.
Ихчамгина иссиқхона қуриб, томорқалардан оқилона фойдаланишга қизиқиш ортиб бораётгани “Бир контур-бир маҳсулот” тамойили асосида ички бозорни сифатли, арзон озиқ-овқат маҳсулотлари билан барқарор таъминлаш, маҳсулот етиштиришни кўпайтириш ва аҳоли даромадини оширишга хизмат қилмоқда. Қишда ҳам бозорларимизга тўкинлик, дастурхонларимизга файз улашмоқда. Еримиз туганмас хазина, мўъжазгина томорқа тўкин турмуш манбаи эканини амалда кенг намоён этмоқда.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири