Ер – бизнинг умумий уйимиз
Мактабгача таълим вазирлиги ЙХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори офиси ва Инновациялар маркази билан биргаликда «Ер – бизнинг умумий уйимиз» номли парциал дастурини тақдим этди.
Экологик таълим сифатини ўзгартирмасдан туриб экологик муаммоларни ҳал қилиб бўлмайди. Илмий тадқиқотлар боланинг энг жадал ривожланиши мактабгача ёшдан бошланишини исботлади, ривожланишнинг ушбу босқичида экологик таълим ва тарбияни ўз ичига олган умумий маданият учун мустаҳкам пойдевор яратиш жуда муҳимдир.

«Ер – бизнинг умумий уйимиз» парциал дастури илғор халқаро тажрибаларни, шунингдек, мактабгача ёшдаги болаларга экологик таълим ва тарбия бериш соҳасидаги тадқиқотларни ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган. Дастурнинг асосий жиҳатлари унинг ўзгарувчанлиги, мослашувчанлиги ва индивидуал ривожланиш хусусиятларидан келиб чиқиб, ҳар бир боланинг таълим эҳтиёжларига қаратилганлигидир.


Вазирлик матбуот хизматининг таъкидлашича, Дастур учта блокдан иборат: жонсиз ва жонли табиат; инсоннинг табиат билан ўзаро муносабати ва экологик хавфсизлик. Дастур ўқитувчилар ва ота-оналарнинг эътиборини болаларда тирик мавжудотларга нисбатан инсонпарварлик, атроф-муҳитга ғамхўр муносабатни ривожлантиришга йўналтиради.
Моҳигул Қосимова,
ЎзА