Енгил саноат: ишлаб чиқариш ҳажми ошмоқда
Миллий матбуот марказида “Ўзбекенгилсаноат” акциядорлик жамияти томонидан ташкил этилган матбуот анжуманида 2015 йил якунлари сарҳисоб қилиниб, мамлакатимиз тўқимачилик ва тикувчилик-трикотаж саноатини янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Миллий матбуот марказида “Ўзбекенгилсаноат” акциядорлик жамияти томонидан ташкил этилган матбуот анжуманида 2015 йил якунлари сарҳисоб қилиниб, мамлакатимиз тўқимачилик ва тикувчилик-трикотаж саноатини янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.Тадбирда мавжуд ишлаб чиқариш қувватларини модернизация қилиш, техник ва технологик янгилаш, юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш мақсадида янги корхоналар ташкил этишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар давом эттирилаётгани таъкидланди. Президентимизнинг 2015 йил 4 мартдаги “2015-2019 йилларда ишлаб чиқаришни таркибий ўзгартириш, модернизация ва диверсификация қилишни таъминлаш чора-тадбирлари дастури тўғрисида”ги фармони бу борада муҳим дастуриламал бўлмоқда.
“Ўзбекенгилсаноат” ушбу ҳужжатга мувофиқ корхоналарнинг ишлаб чиқариш қувватларини янгилаш, инновацион технологияларни жорий этиш, юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш бўйича кенг кўламли ишларни амалга оширмоқда. Хусусан, 2015 йилда тармоқ корхоналари томонидан 3 триллион сўмдан ортиқ саноат маҳсулотлари, 1 триллион сўмдан зиёд халқ истеъмоли товарлари ишлаб чиқарилди.
“Ўзбекенгилсаноат” акциядорлик жамияти корхоналари хорижий бозорлардаги иштирокини тобора кенгайтирмоқда. Ҳисобот даврида экспорт кўрсаткичлари 1 миллиард доллардан ошгани, экспортчи корхоналар сони 254 тага етиб, бу акциядорлик жамияти таркибидаги корхоналарнинг 89 фоизини ташкил этгани ҳам бунинг ёрқин тасдиғидир. Соҳа корхоналари экспорт қилаётган маҳсулотлар таркибига бамбукли, модаль ва аралаш калава, жаккард ва ригел мато, янги тур ва моделдаги, турли расмлар солинган тайёр тикувчилик-трикотаж буюмлари киритилди. Ўтган йил якунларига кўра, умумий экспорт ҳажмида юқори қўшимча қийматга эга товарлар улуши 42 фоизга етди.
Бугун мамлакатимизда тайёрланаётган тўқимачилик ва тикувчилик-трикотаж маҳсулотлари дунёнинг 55 дан ортиқ давлатига экспорт қилинмоқда. Ўтган йили маҳсулотларимизни Колумбия, Бразилия, Сальвадор, Покистон, Грузия, Хорватия, Нигерия ва бошқа мамлакатларга етказиб бериш йўлга қўйилди. Ташқи савдо бозорларини диверсификация қилиш, экспорт қилинадиган товарлар турини кенгайтириш мақсадида соҳа корхоналари Германия, Корея Республикаси, Хитой, Россия, Беларусь, Латвия, Туркия ва бошқа давлатларда ўтказилган халқаро ихтисослаштирилган кўргазма-ярмаркаларда иштирок этди.
Чет эл инвестицияларини жалб қилиш, янги замонавий корхоналар ташкил этиш ва мавжуд ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш 2015 йилда “Ўзбекенгилсаноат” акциядорлик жамияти фаолиятининг муҳим йўналиши бўлди. Ўтган йил якунларига кўра, Ўзбекистон Республикасининг 2015 йилга мўлжалланган Инвестиция дастури доирасида соҳага 187,3 миллион доллар жалб этилди ва бу 2014 йилга нисбатан 2,7 фоизга кўпдир. 2015 йилда 33 янги корхона ишга туширилиб, 12,5 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилди.
Спорт маҳсулотлари ишлаб чиқариш жамият фаолиятининг устувор йўналишларидан биридир. Шу муносабат билан соҳа корхоналарида болалар спорт кийимлари дизайни тайёрланиб, уларни оммавий ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Масалан, 2015 йилда қиймати 190,8 миллиард сўмдан зиёд шу турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилди ва бу 2014 йилга қараганда 12,2 фоизга кўп.
Жорий йилда “Ўзбекенгилсаноат” акциядорлик жамияти корхоналари юқори қўшимча қийматга эга тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини оширишни давом эттиради. Бу жараёнда экспорт ҳажмини кўпайтириш, чет эл инвестицияларини жалб қилиш ва болалар спорт кийимлари ишлаб чиқаришни кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратилади. 2016 йил охирига қадар экспорт кўрсаткичларини 1,1 миллиард долларга етказиш, 32 инвестиция лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилмоқда. Мазкур лойиҳалар доирасида 24 янги корхона ташкил этилиб, фаолият кўрсатаётган 8 корхона модернизация қилинади. Бунинг самарасида янги, жумладан, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари учун ҳам 12 минг 700 иш ўрни ташкил этилиши мўлжалланмоқда.