Енгил атлетикачиларимизни қандай нуфузли мусобақалар кутмоқда?
Кириб келган 2026 йил халқаро спорт оламига бир-биридан қизиқарли мусобақалар, учрашувлар, турнирларни тақдим этиш остонасида турибди.
Хусусан, жорий йил давомида жаҳон спортида энг кўп медаллар шодаси ўйналадиган енгил атлетика спорт турида ҳам ўзига хос мусобақалар ташкил этилади.

Куни кеча Бутунжаҳон енгил атлетика ассоциацияси (World Athletics) йилнинг энг муҳим еттита нуфузли мусобақалари тўғрисидаги ахборотни тақдим этди.
Унга кўра, жорий йил 10 январдан Америка Қўшма Штатларининг Таллахасси шаҳрида бошланадиган кросс бўйича 46-жаҳон чемпионати билан халқаро енгил атлетика мусобақаларига старт берилади.
Эркаклар ва аёллар ўртасида ўтадиган мазкур чемпионат 5 та йўналишни қамраб олиб, унда 9 та медаллар жамланмаси учун муросасиз баҳслар кечиши кутилмоқда.
Шундан сўнг, дунё енгил атлетикачиларининг нигоҳи 20-22 март кунлари Польшада ўтадиган ёпиқ иншоотлардаги жаҳон чемпионатига қаратилади. 2-3 май кунлари Ботсван пойтахти Габоронеда бутунжаҳон енгил атлетика эстафетаси (World Athletics Relays) мусобақалари ўтказилади.

Жорий йилнинг 12 апрелида Бразилияда бўладиган спортча юриш бўйича жаҳон чемпионати, 5-9 август кунлари АҚШнинг Орегон шаҳрида ўтадиган 20 ёшгача бўлган спортчилар ўртасидаги дунё биринчилиги, 19-20 сентябрь кунлари Даниянинг Копенгаген шаҳрида ўтказиладиган шосседа югуриш мусобақалари мухлислар эътиборидаги мусобақалар бўлиши тайин.
Шу ўринда айтиш лозим, 20 ёшгача бўлган ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионати келажакдаги жаҳон юлдузларини кашф этиш майдончаси ҳисобланади. Тарих шуни кўрсатадики, айнан шу ёшлар ўртасидаги дунё биринчилиги келгуси Олимпия ўйинлари ва жаҳон чемпионатларида енгил атлетиканинг янги юлдузлари бўлиб бўй кўрсатишга интилаётганларга катта имконият эшикларини очадики, улар сафида ўзбекистонлик спортчилар ҳам бўлишини истаб қоламиз.

Янгича форматда 11-13 сентябрь кунлари Венгрия пойтахти Будапештда ташкил этиладиган “Ultimate Championship”, яъни енгил атлетика бўйича мутлақ чемпионларни аниқлайдиган мусобақа мукофот жамғармаси 10 миллион АҚШ доллари (8,7 миллион евро)дан иборатлиги, спортнинг энг йирик юлдузларини бирлаштириши ва мавсум давомидаги энг яхши натижаларни қайд этиши кутилаётгани билан халқаро енгил атлетика ҳаракатида янги саҳифа очади.

2026 йил 31 октябрь -13 ноябрь кунлари Сенегалда ўтадиган ёшлар ўртасидаги ёзги Олимпия ўйинлари нафақат енгил атлетикачилар, балки бошқа Олимпия спорт турлари вакиллари учун ҳам муҳим спорт байрами бўлиши шубҳасиз.
Тўлқин Рўзиев,
ЎзА