Энг яхши рационализатор ғолиб бўлди
Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида “Бухоро НҚИЗнинг энг яхши рационализатори” кўрик-танлови ғолиблари аниқланди.
Танлов инновацион, рационализаторлик ва ихтирочилик ғоялари, ишлаб чиқариш жараёнларини механизациялаштириш ва автоматлаштириш, янги маҳсулот чиқариш, маҳсулот сифатини ошириш, ёқилғи ва ёқилғи тежашга қаратилган долзарб вазифаларни ҳал этишда ижодий салоҳият ва ресурслардан самарали фойдаланишга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Бундан ташқари, заводдаги энергия ресурслари, хом-ашё, материаллар, меҳнатни муҳофаза қилиш ҳолати ва бошқа йўналишлари бўйича лойиҳаларни фаоллаштириш ҳам кўзланган.
Танловда иштирок этиш учун 2020 йилнинг 1 декабридан 2021 йилнинг 1 декабригача 22 та рационализаторлик таклифи келиб тушган. Танлов натижалари сарҳисоби рационализаторлар томонидан ғоялар тақдимоти шаклида намойиш этиш ва мулоқот тарзида муҳокама қилиш форматида ўтказилди.

Тақдим этилган таклифларда завод фаолиятининг турли йўналишлари – жараёнларни механизациялаштириш ва автоматлаштириш, иккиламчи ресурслардан фойдаланиш, ёқилғи-энергетика ресурсларини тежаш, чиқиндиларни қайта ишлаш, хавфсизлик ва атроф-муҳит муҳофазасини такомиллаштириш, энергия самарадорлигини ошириш ва энергия хавфсизлигини таъминлаш, муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш, янги турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва сифатини ошириш, жараёнларни рақамлаштириш мавзулари қамраб олинган.
Ҳакамлар ҳайъатининг якуний хулосаларига кўра, К.Сафаровнинг “21–Е-20 иссиқлик алмашиниш қурилмаси линиясида фильтр ўрнатиш” таклифи биринчи ўринни қўлга киритди. Иккинчи ўринга Б. Хайдаровнинг “Оқава сувларни тозалаш жараёнида қўлланиладиган алюминий сульфатни фойдаланилган адсорбентни қайта ишлаш йўли билан олиш” ва “Суюқ углеводородлар олиш мақсадида нефть шламини пиролиз йўли билан қайта ишлаш” таклифи муносиб кўрилди. А. Саидов ўзининг “Водород линиясида янги иссиқлик алмаштиргични ўрнатиш” таклифи билан учинчи ўринни қўлга киритди.
Б.Баҳронов ҳамда Х.Бақоев “Бухоро НҚИЗнинг энг яхши ёш рационализатори” номинацияси ғолиби бўлишди.
Таъкидлаш жоизки, завод ишчи-ходимлари ўртасида ижодий салоҳиятни ошириш бўйича танловлар ўтказиш анъанага айланган. 2019 йилда “Энг яхши инновацион ғоя”, 2020 йилда “5 та энг яхши инновацион ва инвестицион ғоя” танловлари ўтказилган эди. Бундай танловлар ходимларнинг янги ғоялар яратиш ва уларни ҳаётга татбиқ этиш иштиёқини оширади.
Зариф Комилов, ЎзА