Энг яхши ихтирочи аёллар аниқланди
Андижон Машинасозлик институтида “Ҳудуднинг 100 нафар ихтирочи аёли – 2022” ҳафталиги доирасида ўтказилган “Ҳудуднинг 100 нафар ихтирочи аёли” танлови ғолиблари маълум бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Оила институтини мустаҳкамлаш ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш бўйича 2022 йилда амалга ошириладиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги йиғилиш баёнига асосан, “Ҳудуднинг 100 нафар ихтирочи аёли – 2022” ҳафталиги доирасида ўтказилган танловда 40 нафардан зиёд ихтирочи, рационализатор ва олима аёллар ўзларининг ихтиро, инновацион ғоя, таклиф ва илмий ишланмалари билан иштирок этди.

Тадбирда сўз олган Андижон вилояти ҳокимининг ўринбосари, оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Гулнорахон Абдуллаева ва бошқалар томонидан мамлакатимизда хотин-қизларга, хусусан, илм-фан билан шуғулланаётган опа-сингилларимизга алоҳида эътибор қаратилаётганлиги, улар ўзларининг илмий-ижодий салоҳиятини тўлақонли юзага чиқаришлари учун зарур шароитлар яратиб берилаётганлиги таъкидланди.

Аёл нафақат оила бекаси, фарзандлар тарбиячиси, балки жамиятнинг фаол аъзосидир. Эътироф этиш керакки, иқтидорли хотин-қизларимиз фан ва техника тараққиётининг барча йўналишларида ўзларининг илмий-амалий изланишлари, ихтиро, инновацион лойиҳа ва илмий ишланмалари билан янги техника, технология ва рақобатбардош маҳсулотлар яратиш жараёнларида ҳам фаол иштирок этмоқда.
–Иқтидорли, юксак илмий салоҳиятга эга хотин-қизларни, шунингдек, улар томонидан олиб борилаётган илмий изланишларнинг асосий йўналишлари, ҳолати, даражаси ва аҳамиятини аниқлаш, ихтирочи ва рационализатор опа-сингилларимизни қўллаб-қувватлаш, уларни рағбатлантириш мақсадида ўтказилган танловда ҳақиқатдан ҳам ўз соҳаси мукаммал эгаллаган хотин-қизлар қатнашди, – дейди танлов ҳакамлар хайъати раиси, профессор Қудратилло Ибайдуллаев. – Иштирокчиларнинг мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий тараққиёти учун зарур бўлган инновацион лойиҳалари, илмий-техникавий ишланмалари, амалиётга татбиқ этилиши бўйича қизиқарли тақдимотлари нафақат ҳакамларда, балки кенг илмий жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотди.

Якунда “Энг яхши ихтиро ва фойдали модель”, “Энг яхши саноат намунаси, селекция ютуғи ва рационализаторлик таклифи”, “АКТни ривожлантириш бўйича энг яхши инновацион лойиҳа”, “Энг яхши бизнес-лойиҳа”, “Ҳунарманд хотин-қизларнинг энг яхши инновацион лойиҳаси” сингари 10 та номинация бўйича тақдимотлар орасидан энг яхшилари ғолиб, деб топилди.
– Танловда “Техника олийгоҳларида мутахассислик фанларини ўқитишни физик ҳодисалар асосида модернизация қилиш (“Мехатроника ва робототехника” бакалавриат таълим йўналиши мисолида)” номли лойиҳа билан иштирок этиб, “Янги педагогик технологиялар бўйича энг яхши инновацион лойиҳа” номинацияси бўйича ғолиб бўлдим, – дейди Андижон Машинасозлик институти мустақил тадқиқотчиси Саида Атажонова. – Мазкур лойиҳада "Мехатроника ва робототехника" таълим йўналишини ривожлантириш, малакали кадрлар тайёрлаш, техника соҳасида аёллар фаолиятини ривожлантириш, янги педагогик технология ва усуллар яратиш, замонавий ўқув адабиётларни яратиш ва нашр этиш билан боғлиқ ишлар амалга оширилиши белгиланган.
Барча номинациялар бўйича ғолиб ва совриндорлар танлов ташкилотчилари томонидан диплом ва эсдалик совғалар билан тақдирланди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,
З. УМРЗОҚОВ (фото) ЎзА