Энг яхши даромад кўзга ташланмас бизнесдан келади (+видео)
Кўпчилик тадбиркорликни бошлашда тренддаги, аммо рақобат ўта юқори бўлган соҳаларга интилади. Ваҳоланки, энг барқарор даромад одатда кўзга яққол ташланмайдиган, лекин бошқа барча соҳаларга зарур бўлган бизнесларда бўлади. Мана шундай йўналишлардан бири — оддий яшик ва идишлар ишлаб чиқариш. Даладаги мевадан тортиб, дўкондаги тайёр маҳсулотгача барчасига хавфсиз транспорт ва чиройли кўриниш учун қадоқ керак. Мавсумий жараёнларга қарамай, тўғри ташкил этилган яшик ишлаб чиқариш цехи йил давомида эгасига юқори фойда келтириши мумкин.
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги маълумотига кўра, Наманган вилоятининг Мингбулоқ тумани Бозорбоши маҳалласида яшик тайёрлаш билан шуғулланаётган хонадонлар жуда кўп. Аёллар, ёшлар ва маҳаллий аҳоли ушбу фаолият орқали даромад топмоқда. Битта яшикни тайёрлаш учун ўртача 2 дақиқа вақт кетади. Ҳар бир тайёр маҳсулот учун 500 сўмдан ҳақ тўланади. Маҳалла аёллари яхшигина даромад олади.
Маҳалладаги тадбиркорлардан бири икки йил аввал Ижтимоий реестрда бўлган. Ҳоким ёрдамчиси кўмагида имтиёзли кредит олиб, янги ускуналар харид қилган. Натижада ишлаб чиқариш ҳажми ошиб, қўшимча иш ўринлари яратилган. Бугун яшикчилик Бозорбоши маҳалласидаги кўплаб оилалар учун даромадли меҳнат ва бандлик имкониятига айланмоқда.
Маҳалладаги ушбу фаолият ва унинг ортидаги меҳнат жараёнларини қуйидаги видеолавҳада кўришингиз мумкин.
Гулноза Бобоева,
Анвархўжа Аҳмедов (монтаж),
ЎзА