Энг яхшилар аниқланди
Андижонда “Ўзавтотеххизмат” акциядорлик компанияси тизимидаги корхоналар ишчи ва хизматчилари ўртасида ўтказилаётган “Йил устаси – 2015” танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Мустақиллик йилларида мамлакатимизда Президентимиз раҳнамолигида Ўзбекистон дунёдаги автомобиль ишлаб чиқарувчи давлатлар қаторидан жой олди. Бугунги кунда юртимизда ишлаб чиқарилаётган замонавий автомобилларга сифатли техник хизмат кўрсатиш тизими тўла шаклланди. Хусусан, тизимдаги ишлар самарадорлигини, хизмат кўрсатиш сифати ва маданиятини юксалтириш, соҳа ходимларининг касб маҳоратини оширишда анъанавий ўтказиб келинаётган “Йил устаси” кўрик-танлови муҳим аҳамият касб этмоқда.
Автомобилларни таъмирлаш, уларга техник хизмат кўрсатиш сифатини янада яхшилаш, хизмат кўрсатиш маданиятини юксалтириш, ходимларнинг касб маҳоратини ошириш ҳамда уларни рағбатлантириш мақсадида ўтказилган танловда “Андижонавтотеххизмат” ёпиқ акциядорлик жамияти шохобчаларида фаолият кўрсатаётган мутахассислар иштирок этди.
“Андижонавтотеххизмат” ёпиқ акциядорлик жамияти тасарруфидаги автомобилларга техник хизмат кўрсатиш станцияси ва шохобчаларида техник хизмат кўрсатиш бўйича фаолият олиб бораётган мутахассисларнинг малака ва тажрибасини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда Жумладан, белгиланган режа асосида машғулотлар ўтказилиб, уларнинг назарий билими оширилмоқда. “Устоз-шогирд” анъанаси асосида ёш усталар тажрибали мутахассисларга бириктирилган.
Танлов иштирокчилари мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган автомобилларга техник хизмат кўрсатиш, электр қисмлари ҳамда двигателни кўрикдан ўтказиш, носоз қисмларни таъмирлаш бўйича ўз маҳоратини намойиш этди.
Автомобиллардаги техник носозликларни белгиланган талаблар асосида аниқлаб, тез ва сифатли бартараф этган усталар Бахтиёр Хўжаев, Хуршид Мадумаров, Бахтиёр Баротов ғолиб деб топилди ва танловнинг мамлакат босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.