Энг улуғ, энг азиз байрам тадбирлари давом этмоқда
Бугун юртимизнинг ҳар бир гўшасида катта байрам. Халқимиз Мустақиллик байрамини шоду хуррамлик билан нишонламоқда.
Навоий шаҳридаги “Сўғдиёна” ўйингоҳида “Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ томонидан энг улуғ, энг азиз байрамимизнинг 32 йиллиги муносабати билан тадбир ташкил этилди.
Ҳар йили комбинат жамоаси ушбу байрамни ўзгача кайфиятда кутиб олади. Тадбир аввалида"НКМК" АЖ Бош мухандиси Отабек Равшанов сўзга чиқиб, йиғилганларни энг улуғ айём – Мустақиллик куни билан муборакбод этди.
Таъкидланганидек, мамлакатимиздаги кенг қамровли ислоҳотлар Навоий кон-металлургия комбинатида ҳам ўзгаришлар даврини бошлаб берди. Кейинги олти йилда умумий қиймати қарийб 2,2 миллиард доллар бўлган 20 та йирик инвестицион лойиҳа ишга туширилиб, 14 мингга яқин янги иш ўрни яратилди. Натижада комбинатда 2022 йилда 2016 йилга нисбатан олтин ишлаб чиқариш ҳажми 21 фоиз, кумуш ишлаб чиқариш ҳажми 46 фоизга ошди.
[gallery-13397]
Комбинатда ҳар йили Мустақиллик байрамига совға ҳозирлаш анъанага айланган. Жумладан, “Пистали” кони негизида 6-гидрометаллургия заводи, “Тўдакўл”да Халқаро шахмат мактаби, Зарафшон шаҳрида 504 ўринли мактаб-интернат, Навоий машинасозлик заводида янги участка қуриб битказилди.
Бундан ташқари, комбинат жамоаси жорий йилнинг етти ойида 37,3 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариб, режани 110,5 фоизга бажаришга, Инвестиция дастури бўйича 261 миллион доллар маблағ ўзлаштиришга, маҳаллийлаштириш дастури доирасида 389 миллиард сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқаришга эришди.
Албатта, комбинат тизимида меҳнат қилаётган ишчи-ходимлар меҳнати муносиб эътироф этилмоқда. Жумладан, мустақиллик байрами арафасида Президентимиз фармонига мувофиқ, Марказий кон бошқармаси автосамосвал ҳайдовчиси Сайфидин Баҳронов “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган саноат ходими” фахрий унвони, “Ауминзо-Амантой” кони бошлиғи Авазхон Эзозхонов “Дўстлик” ордени билан тақдирланди.
Тадбирда “Фарҳод” маданият саройи жамоаси ва пойтахтдан ташриф буюрган таниқли хонандалар томонидан дилрабо куй-қўшиқлар ижро этилди.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА