Энг улуғ, энг азиз айёмга муносиб туҳфа
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманидаги Халқ қабулхонаси ва давлат хизматлари маркази туман бўлимининг янги биноси фойдаланишга топширилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманидаги Халқ қабулхонаси ва давлат хизматлари маркази туман бўлимининг янги биноси фойдаланишга топширилди.
Энг азиз, энг улуғ айём – давлатимиз мустақиллигининг 28 йиллиги арафасида янги бинонинг фойдаланишга топширилиши 133 мингга яқин аҳоли истиқомат қилаётган юқори чирчиқликлар учун ўзига хос байрам совғаси бўлди.
Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Халқ қабулхонаси, давлат хизматлари маркази, туман ҳокимлиги масъуллари, тегишли ташкилот раҳбарлари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари ва давлат хизматлари марказлари мамлакатимизда аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотни йўлга қўйиш, уларни қийнаб келаётган муаммоларни аниқлаш ҳамда бартараф этиш, аҳолига сифатли хизмат кўрсатиш, уларнинг ортиқча вақт йўқотиши ва турли идоралар ўртасида сарсон бўлишининг олдини олишга хизмат қилаётгани таъкидланди.
Бугун “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак!”, деган эзгу ғояни ҳаётга татбиқ этишда Президентимизнинг 2017 йил 12 декабрдаги “Аҳолига давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида“ги фармони муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда. Мазкур ҳужжатга мувофиқ, келгусида давлат хизматлари фаолиятини янада ривожлантириш, марказлар орқали мижозларга 160 дан ортиқ тезкор, қулай ва шаффоф давлат хизматларини кўрсатиш режалаштирилган.
Марказда аҳоли ва тадбиркорларга 17 та қабул ойнаси орқали 100 дан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилиши йўлга қўйилган. Бинода ёш болали аёллар учун она ва бола, тиббий кўмакка муҳтож одамлар учун тиббий ёрдам хонаси, кўрсатилган хизматлар тўловини амалга ошириш учун банк кассаси мавжуд. Марказда ташкил этилган кичик кутубхона эса навбат кутиб турган фуқароларнинг вақтини мазмунли ўтказишга хизмат қилади.
Марказда электрон навбат олиш учун инфокиоск ишлаб турибди. Ушбу қурилмадан талонни олган мижоз кутиш залидаги шинам ўриндиққа жойлашиб, бир неча сонияда 5 та монитор орқали қайси қабул ойнасига бориши кераклигидан хабардор бўлади.
– Фаолиятим давомида аҳоли учун бундай қулайликни кўрмаганман, – дейди тумандаги “Иттифоқ” маҳалла фуқаролар йиғини раиси З.Айтбоева. – Хушмуомалалик ҳар бир одамнинг кўнглига йўл топувчи фазилат ҳисобланади. Айниқса, давлат хизматига эҳтиёжи бўлган фуқарони очиқ чеҳра билан, “Келинг, нима хизмат?”, дея қарши олаётгани ташриф буюрувчиларнинг кайфиятини янада кўтариши шубҳасиз. Бундай шароит вақтимизни тежаш билан бирга, давлат хизматларидан тезкор ва қулай фойдаланиш имконини бермоқда.
2018 йилда туман давлат хизматлари марказига жисмоний ва юридик шахслардан 12 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушган. 2019 йилнинг биринчи яримида эса аҳолига 100 дан ортиқ хизмат тури бўйича 20 мингдан ортиқ хизмат кўрсатилган.
Янги бинода шунингдек, тадбиркорлар учун Бош вазир қабулхонаси ҳам иш бошлади.
Маълумотларга кўра, шу кунларда Зангиота туманида ҳам давлат хизматлари марказининг янги биноси фойдаланишга топширилади.

