Энг саралар Президент мактабига ўқишга киради
Жиззах олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш мактаби спорт саройида вилоятдаги Президент мактабига 2024-2025 ўқув йили учун қабул имтиҳонларининг биринчи босқичи бошланди.
Вилоятдаги Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактаб ҳамда мактаб-интернатларига 2024-2025 ўқув йили учун кириш имтиҳонлари жараёнини ташкил этиш бўйича вилоят ҳокимлиги ва тегишли ташкилотлар ҳамкорлигида кенг кўламли ишлар амалга оширилди.
Жумладан, имтиҳонлар ўтиши белгиланган Жиззах олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш мактаби биноси парта ва стуллар билан тўлиқ жиҳозланди, барча совутгичлар ишчи ҳолатига келтирилди. Бино атрофида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилиб, ота-оналар кутиш жойидаги дарахтларнинг соя-салқинида яхна ичимликлар ва озиқ-овқат маҳсулотлари савдоси йўлга қўйилди. Видеокузатувлар, интернет тармоқлари тўлиқ ишламоқда. Баннерлар тегишли жойларга ўрнатилиб, имтиҳон жараёнида иштирок этаётган педагог-ходимлар (гуруҳ раҳбарлари ва назоратчилар)ни шакллантиришда ёш жиҳатига ва салоҳиятига алоҳида этибор қаратилган.
Ҳудудий бошқармаларнинг масъул ходими ҳамда Президент мактаби директори билан биргаликда гуруҳ раҳбарлари, назоратчилар, бинонинг кириш қисмида ўқувчиларни қабул қилишга масъул ходимлар ҳамда бино раҳбарларини имтиҳон ўтказиладиган тегишли бинога тақсимланган.
– Мени болажонларнинг имтиҳонларга катталардек, масъулият билан ёндашаётгани хурсанд қилди, – дейди Жиззах вилоятидаги Президент мактаби директори Азизбек Ғайбуллаев. – Мактабимизга ҳужжатлар қабули “ariza.piima.uz” платформаси орқали амалга оширилиб, жами 3 минг 800 нафардан ортиқ даъвогар рўйхатдан ўтган. 2024-2025 ўқув йили учун мазкур ўқув муассасамизга қабул 24 нафар этиб белгиланган. Бундан келиб чиқадиган бўлсак, бир ўринга 160 нафардан ортиқ ўқувчи тўғри келмоқда. Кириш тест имтиҳонлари 2 босқичда ўтказилиб, бугун вилоятнинг турли шаҳар ва туманларидан ҳужжат топширган болаларнинг энг юқори бал тўплаган 400 нафари саралаб олиниб, жорий йилнинг 26 июль куни бўлиб ўтиши белгиланган 2-босқичда иштирок этади. Ушбу босқичда энг юқори балл тўплаган 24 бола Президент мактабига қабул қилинади. Юқори балл тўплаган қолган ўқувчилар ижод мактабига, Ал Хоразмий номидаги, Ибн Сино номидаги, шаҳар ва туманлардаги ихтисослашган ҳамда таяннч мактабларига, яшаш ҳудудларидан келиб чиқиб ўқишга қабул қилиниши мумкин.
– Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактаб ҳамда мактаб-интернатларига 2024-2025 ўқув йили учун кириш тест имтиҳонлари жараёни давомида жамоат тартибини сақлаш мақсадида 12 нафар ички ишлар, 10 нафар Миллий гвардия вилоят бошқармалари хизматчилари жалб этилган, – дейди Жиззах вилояти ИИБ ЖХХБ жамоат тартибини сақлаш бўлими подполковниги Жасур Худойназаров. – Фавқулодда вазиятлар, соғлиқни сақлаш ва бошқа мутасадди ходимлар билан ҳаммамиз ҳамкорликда фаолият юритяпмиз. Болажонлар имтиҳон топшириш жарёнида ҳеч қандай муаммога дуч келмайди, хавфсизликлари тўлиқ таъминланган. Имтиҳонлар ўтаётган Жиззах олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш мактаби жойлашган Истиқлол кўчасининг икки томони вилоят ЙҲХБ ходимлари томонидан эрталаб соат 7:00 дан кеч соат 19:00 га қадар вақтинча ёпилиб, автомобил қатнови тўхтатилган. Имтиҳон топшираётган фарзандларининг ота-оналари хавфсизлиги ҳамда қуёш урмаслиги учун соя-салқин жойларга ўриндиқлар ўрнатилган. Жамоат тартибини сақлаш тўлиқ назоратда.
[gallery-18167]
– Мен Абу Али Ибн Сино номидаги жамоат саломатлиги техникуми 2-босқич талабасиман, – дейди Зомин туманида истиқомат қилувчи Муяссар Абдухолиқова. – Ўғлимнинг орзуси Президент мактабига ўқишга кириш эди. Ҳозиргина кириш тест имтиҳонини топширгани кириб кетди. Жуда ҳам кучли ҳаяжондаман. Худойимни ўзи болажонимни омадини бериб, имтиҳонларини аъло баҳоларга топширсин ва шу мактабга ўқишга кириб юзимизни ёруғ қилсин. Келажакда олий таълим муассасаларига ҳам ўқишга кириб, ақлан етук, билимли бўлиб, эл-юрт корига ярайдиган инсон бўлиб камол топса, мен дунёдаги энг бахтли она бўлардим. Худойим, фарзанди имтиҳон топширгани кирган ҳар бир ота-онани қувонч туйғусидан бебаҳра қолдирмасин.
Жиззахдаги Президент мактабига адолатли, шаффоф ва хавфсизликлари таъминланган тарзда ўтаётган кириш имтиҳонларининг биринчи босқичи бугун ниҳоясига етди.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/LsSg9oI1ojQ?si=_sRoeT5b2PGi2Dzz" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>А.ҚАЮМОВ,
Ж.ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА