Энг мустаҳкам от эгарлари
Новқа мамлакатимизнинг энг қадимий масканларидан бири.
Жиззах вилояти Бахмал туманининг Новқа қишлоғида миллий ҳунармандчилигимизнинг энг ноёб турларидан бўлган улоқчи отларга эгар ясаш билан шуғулланадиган усталар яшайди. Қишлоқ усталари томонидан ясалган эгарлар нафақат мамлакатимизда, қўшни Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон Республикаларининг чавандозлари орасида ҳам машҳур.
Новқа мамлакатимизнинг энг қадимий масканларидан бири. Ўзбекистон фанлар академиясининг Яҳё Ғуломов номли археология институти томонидан ўтказилган қидирув ишлари натижасида бу ерда Суғддан Шошга ўтадиган ёзги карвон йўли бўйида Науқат деб аталган шаҳар жойлашгани, у мўғуллар босқини даврида бузилиб кетгани тўғрисида илмий тахминлар қилинган. Бу ердаги Новқа ота тарихий ёдгорлиги, қабр тошларидан ёзувлар, бошқа археологик топилмалар бу тахминнинг ҳақиқатга яқин эканнини кўрсатади.
Новқада уй рўзғор буюмлари, от афзаллари, эгар, юган, ўзанги, пичоқчилик каби қадим ҳунармандчилиги халқимиз маданиятининг ёдгорлиги сифатида авлоддан авлодга ўтиб яшаб келаётгани ҳам қишлоқ тарихининг олис ўтмишидан гувоҳлик беради. Айниқса, эгарчилик халқимизнинг қадимдан қадрини йўқотмай яшаб келаётган ҳунармандчиликнинг ноёб турларидан бири.
Бу ҳунармандчиликнинг ноёблиги шундаки, отбозлар, чавандозлар орасида “қизил эгар” деб аталадиган эгар тури фақат Новқа усталари томонидан ясалади. Бу ҳунар кўпкари ўйини, шахсий хўжаликларда от сақлаш ҳукумат томонидан тақиқланган ўтган асрда йўқолиб кетмаган. Ўша даврларда ҳам кўпкари ўтказилган, Новқа эгарчилари отамерос касбини давом эттиришган.
Мустақиллик йилларида қадим халқ ўйини кўпкарининг қайта тикланиб, спорт тури сифатида расмий рўйхатларга киритилиши Новқа эгарчилигининг бардавомлигини сақлаб қолди. Ҳозир қишлоқда ўнга яқин оилавий усталар сулоласи бу қадим ҳунармандчиликни давом эттириб келаётир.
Мирзабек Бозорбоев ота касбини давом эттириб келаётган усталардан бири. Ҳозир у бу касб сирларини ўзининг оиласидаги, қишлоғидаги ўндан зиёд ёшларга ўргатаётир.
– Эгарчилик оиламизга отамерос касб, – дейди Мирзабек. – Мен бу ҳунарни акам уста Назарбекдан ўрганганман. Мустақил ишлаётганимга ҳам ўн йил бўлди. Ҳозир оилада беш ўғил шу касб билан шуғулланамиз. Бундан ташқари, қишлоқ ёшларидан беш нафар шогирдим бор. Эгарчилик бозоргир, сердаромад иш эмас. Буюртма бўлса ишлаймиз. Эгар мустаҳкам ясалгани учун бир одам битта олган эгардан умрбод фойдаланиши мумкин. Аммо ҳар бир отнинг гавда тузилишига мос бўлиши учун кўпчилик отни янгилаганда, янги эгар ҳам олади.
Новқа эгарларининг машҳурлиги – мустаҳкамлигида. Кўпкарида от йиқилиб, эгар тагида қолса ҳам синмас экан. Оддий толдан ясалган эгарнинг бунчалик мустаҳкам бўлишининг сабаби ёғоч қисми тайёр бўлгач, устига молнинг пайи махсус елим билан ёпиштириб чиқилади. Сўнгра пайнинг усти қайин пўстлоғи билан қопланиб, қизил бўёқ берилгани учун «қизил эгар» деб аталади. Бу кўп вақт ва қунт талаб қиладиган иш. Битта эгар ясашга бир ойгача вақт кетади. Ҳар бир эгар алоҳида буюртма билан ясалади.
Эгарчиликдан гап кетса, новқаликлардан ўтган асрнинг биринчи ярмида яшаб ўтган уста Кенжа ва унинг бу касбни чинакам такомилига етказгани ҳақида қизиқ маълумотларни эшитиш мумкин.
Уста Кенжа ўн тўққизинчи асрнинг иккинчи ярми йигирманчи асрнинг биринчи ярмида яшаган Новқадаги энг моҳир уста бўлган. Қишлоқда у одамни кўрган-билган одамларнинг айтишларича, Туркистон генерал губернатори томонидан Петербургга жўнатилган совғалар орасида новқалик уста Кенжа ясаган қизил эгар ҳам бўлган экан. Кейинчалик у Третьяков галереясига қўйилган дейишади. Яна Қўқон хони ҳам новқалик усталарга эгар буюртма қилганини ҳам айтишади.
Устанинг ўғли Мусулмонқул Кенжаев ҳам донғи кетган уста бўлган. Ҳозир бу эгарчилар оилавий анъанасининг уста Мусулмонқулнинг ўғиллари, набиралари давом эттираётир.
– Отам бу касбни қилиб ўтган ўнтадан зиёд аждодларимизни эслагувчи эди, – дейди уста Кенжанинг набираларидан бири уста Нурмат. – Мана, фарзандларимиз сулоламиз анъанасини давом эттираётир. Ўғлим Элмурод ёш бўлса ҳам катта усталардан бири. Бир неча бор республика, вилоят хунармандлар танловларида совриндор бўлди.
Давлатимиз ҳунармандларни қўллаб-қувватлаб, кўрик-танловларга таклиф этаётганидан, ишимизни юзага чиқарганидан беҳад мамнунмиз.
Мамлакатимизда ҳунармандчиликни ривожлантиришга берилаётган эътибор, ўзини ўзи иш билан банд қилган фуқароларга яратилаётган қулайликлар туфайли халқимизнинг қадим ҳунармандчилигининг унутилаёзган қадим турлари яна қайта тикланаётганлигини Новқа қишлоғи мисолида кўриш мумкин. Қишлоқда эгарчиликдан ташқари от афзалларини ясовчи хонадонлар ҳам бор. Икки хонадон темирчилик билан шуғулланади. Энг муҳими бу қадимий касбларни ёшлар ҳам ўрганмоқда.
[gallery-821]
Т.БЕКНАЗАРОВ, Ж.ЁРБЕКОВ (суратлар). ЎзА