Энг кучли таэквондочилар сараланди
Сирдарё вилояти маркази Гулистон шаҳрида таэквондо WT бўйича катталар ўртасидаги Ўзбекистон чемпионатининг сўнгги куни ҳам шиддатли баҳслар остида ўтди.
Қизғин ва муросасиз беллашувларда терма жамоа етакчилари ўзларига билдирилган ишончни оқлади. Хусусан, Омонжон Отажонов, Назарали Назаров, Нажмиддин Қосимжонов, Жасурбек Жайсунов, Шоҳжаҳон Каримбоев, Лайло Зайниддинова, Мадина Мирабзалова, Феруза Содиқова, Озода Собиржонова, Гулсанам Алижонова ҳамда Ирода Миртожиева ўз вазн тоифаларида барча рақибларини енгиб, мамлакат чемпионига айланди.


Мусобақа якунида шоҳсупага кўтарилган спортчилар ташкилотчилар томонидан диплом, медаль ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди. Шунингдек, Ўзбекистон чемпионатида ғолиб ва совриндор бўлган таэквондочилар орасида энг яхши натижа қайд этганлар терма жамоа сафига қўшилди ва эндиликда улар келаси йилги нуфузли мусобақаларда муносиб иштирок этиш учун ўз маҳоратларини янада оширадиган бўлди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА