“Энг китобхон мактаб” лойиҳаси бошланди
Бухорода умумтаълим мактабларида амалга оширилиши режалаштирилган “Энг китобхон мактаб” лойиҳасининг Шофиркон тумани босқичи бўлиб ўтди.
Тадбирда маҳаллий ҳокимият вакиллари, туман халқ таълими бўлими масъуллари, мактаб директорлари иштирок этди.
Таъкидланишича, Президентимизнинг 2017 йил 13 сентябрдаги “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида “Энг китобхон мактаб” лойиҳаси ўтказилмоқда.
Лойиҳа вилоят ҳокимлиги, халқ таълими ва ички ишлар бошқармалари ҳамкорлигида “Китоб маркази” – “Китоб дунёси” китоб тармоқ марказлари томонидан амалга оширилади. Унда Шофиркон туманидаги барча мактаблар қамраб олиниши кўзда тутилган.
Китоб ярмаркалари давомида ўқувчилар, уларнинг ота-оналари ва ўқитувчилар эътиборига 1500 хилдаги сифатли китоб маҳсулотлари тақдим этилади.
– Савдо ярмаркалари карантин қоидаларига тўлиқ риоя қилинган ҳолда мактаб спорт зали ёки мажлислар залида, ҳар куни имкониятдан келиб чиққан ҳолда 10-20 та мактабда ўтказалади, – деди “Китоб дунёси” китоб тармоқ марказлари муассиси Ш.Ахунджанов. – Лойиҳа якунида “Иқтидорли ўқувчи”, “Энг фаол кутубхоначи”, “Фаол мактаб директори”, “Энг фаол ОАВ ходими”га, шунингдек, вилоят доирасида қайд этилган умумий натижаларга кўра 2 ва 3-ўринларни эгаллаган туман халқ таълими бўлимларига қимматбаҳо совғалар, “Энг китобхон мактаб” лойиҳасида ғолиб чиққан энг китобхон туман халқ туман бўлимига эса “NEXIA-3” автомобили тантанали равишда топширилади. Бундан ташқари, энг кўп китоб сотиб олинган мактабга “SPARK” автомобили совға қилинади. Вилоятнинг аксарият туманларда бўлиб, мактабларда ярмаркалар ташкил этдик. Вобкент, Қоровулбозор туманларида ярмаркалар кўнгилдагидек ўтди. У ерда таҳсил олаётган ёшлар китобга бўлган чанқоқлиги билинди.
Лойиҳада қатнашганлар китоб сотиб олиб уйларига зиё нур олиб киришдан ташқари, ҳар хил совғалар ютиш имкониятига эга бўлишади.

Зариф КОМИЛОВ, ЎзА