"Энг фаол бувижон"лар аниқланди
Шаҳрихонда "Энг фаол бувижон" кўрик-танловининг туман босқичи бўлиб ўтди.
Туман оила ва хотин-қизлар бўлими, “Нуроний” жамғармаси туман бўлими ҳамкорлигида оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш, ёш авлод тарбиясида нуроний онахонларнинг ўгитлари ва тарбия мактабидан фойдаланиш, имкониятларини кенгайтириш, уларнинг оилани мустаҳкамлаш, фарзанд тарбияси, маҳалладаги ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, миллий қадрият ва урф-одатларимизни улуғлаш борасидаги бой ҳаётий тажрибаларини ўрганиш, кенг тарғиб этиш мақсадида ўтказилган танловнинг туман босқичи қизиқарли ва ўзига хос тарзда ўтди.
Ушбу маънавий-маърифий беллашувда туманнинг турли маҳаллаларидан ташриф буюрган 7 нафар ибратли ва фаол бувижон иштирок этиб, ғолиблик учун беллашди.


Беллашув давомида бувижонларимиз ўзларининг бой ҳаёт йўли, меҳнат фаолияти, фарзанд ва набиралар тарбиясидаги ибратли тажрибаси, шунингдек, нутқ маданияти ва саҳна маҳорати билан томошабинлар ҳамда ҳакамлар ҳайъатининг юксак эътирофига сазовор бўлдилар.
– Оилалар мустаҳкамлиги, фарзандлар тарбиясида бувижонларнинг ўрни ва роли ниҳоятда катта, – дейди танлов иштирокчиси, Бувайда маҳалласида яшовчи Момохон Қорабаева. – Ушбу жараёндаги ўзига хос тутумлар, тажрибалар қадимдан шаклланиб келган. Бувижонларнинг катта ва бой ҳаётий тажрибасидан самарали фойдаланиш, шубҳасиз, оилани, жамиятни мустаҳкамлашга ёрдам беради. Бу борада ўтказилаётган танлов ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Танловнинг якуний натижаларига кўра, ғолиб ва фаол иштирокчилар ташкилотчилар томонидан ташаккурнома ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Фахриддин Убайдуллаев,
ЎзА мухбири