Энергия таъминотида узилишлар бўлмайди
“Наманган ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” акциядорлик жамияти томонидан вилоят аҳолиси, ижтимоий-иқтисодий тармоқларни куз-қиш мавсумида электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш, фавқулодда ҳолатларда юзага келиши мумкин бўлган муаммоларни бартараф этишга алоҳида эътибор қаратилаётир.
“Наманган ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” акциядорлик жамияти томонидан вилоят аҳолиси, ижтимоий-иқтисодий тармоқларни куз-қиш мавсумида электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш, фавқулодда ҳолатларда юзага келиши мумкин бўлган муаммоларни бартараф этишга алоҳида эътибор қаратилаётир.Вилоят бўйича 485 мингга яқин аҳоли хонадони ва 20 мингга яқин юридик истеъмолчига турли қувватдаги 174 подстанция, 5 минг 342 трансформатор ва 469 минг километрдан зиёд кабель тармоғи орқали хизмат кўрсатилмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида аҳолига 518 миллион киловат-соат, улгуржи истеъмолчиларга 1 миллиард 554 миллион киловат-соатдан ортиқ электр энергияси етказиб берилди.
– Корхонамизда 2016-2017 йиллар куз-қиш мавсумига пухта ҳозирлик кўрилмоқда, – дейди “Наманган ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” акциядорлик жамияти бош муҳандиси Абдураҳмон Мамажонов. – Жорий йилнинг ўтган даврида вилоят электр таъминотининг асосий томири ҳисобланган 0.4 – 110 кВ. ли узатиш тармоқларининг 1 минг 69 километрдан ортиғи мукаммал, 6 минг 309 километри жорий таъмирланди. Олтита 35 кВ. ли подстанция, 409 6-10/0,4 кВ.ли ҳамда 299 тармоқ трансформаторида мукаммал, 1 минг 562 тармоқ трансформаторида жорий таъмирлаш ишлари амалга оширилди.
Биринчи Президентимизнинг 2015 йил 6 мартдаги “2015-2019 йилларда муҳандислик-коммуникация ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш ва модернизация қилиш дастури тўғрисида”ги қарори асосида 52 километрдан зиёд 0,4-10 кВ.ли узатиш тармоғи ва 110 трансформатор пунктларининг реконструкция қилиниши натижасида жойларда энергия таъминотида юзага келаётган муаммолар бартараф этилди.
Вилоятда куз-қиш мавсумида қишлоқлар аҳолисини электр энергияси билан таъминлашни янада яхшилашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Намунавий лойиҳалар асосида қурилаётган замонавий уйларга электр тармоғини тортиш ишлари қизғин давом этмоқда. Айни пайтда вилоят туманларида бунёд этилган 27 янги аҳоли массивида 28 трансформатор ўрнатилиб, 21 километрдан ортиқ электр тармоғи тортилди.
Тўрақўрғон туманидаги “Тўрақўрғон Ширинлик агро” корхонасини электр билан таъминловчи “Ширинлик” подстанциясида иккита трансформатор юқори қувватлисига алмаштирилди. Учқўрғон туманидаги “Учқўрғон текстиль” ва “Ўзтекс Учқўрғон” қўшма корхоналари учун хизмат қиладиган “Тўқимачи” подстанциясининг иккита 6,3 мВА ли куч трансформаторини 16,0 мВАга алмаштириш бўйича лойиҳанинг биринчи навбати ишга туширилди.
Амалга оширилаётган мазкур чора-тадбирлар вилоят аҳолисини узлуксиз электр энергияси билан таъминлаб, ишлаб чиқариш ва ижтимоий тармоқларнинг қиш мавсумида барқарор фаолият кўрсатишига хизмат қилади.