Энергия самарадорлигидаги ҳамкорлик кенгаймоқда
Австриянинг “ILF Consulting Engineers” компаниясининг бош менежери Филип Флох, Бухоро вилоят ҳокими Ботир Зарипов, Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Самандар Саъдуллаев ҳамда Энергия самарадорлиги миллий агентлиги масъуллари ўртасида Бухорода “ILF Consulting Engineers” компанияси билан вилоятдаги ижтимоий соҳа муассасалари ҳамда маъмурий биноларнинг энергия самарадорлигини ошириш ҳамда уларни барқарор иссиқлик билан таъминлаш лойиҳаларини бошлаш юзасидан учрашув ўтказилди.
“ILF Consulting Engineers” халқаро муҳандислик ва консалтинг компания 1967 йилда ташкил этилган. Компания инфратузилма, энергетика, атроф-муҳит муҳофазаси ва саноат лойиҳаларини ишлаб чиқиш, режалаштириш ва амалга ошириш бўйича дунёнинг энг етакчи инженерлик ташкилотлардан бири ҳисобланади.

Жорий йил Бухорода тажриба тариқасида 100 га яқин таълим ва тиббиёт муассасалари, маъмурий иншоотлар биноларининг энергия самарадорлиги оширилади ҳамда уларнинг иссиқлик таъминоти қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмалари асосида тўлиқ модернизация қилинади. Ушбу турдаги лойиҳалар жорий йилда 60 дан ортиқ объектларда давом эттирилиб, келгуси йилдан бошлаб Бухоро тажрибаси асосида республика миқёсида кенг жорий қилинади.

Мулоқотда лойиҳани амалга ошириш механизмлари ҳамда қўлланиладиган инновацион технологиялар юзасидан батафсил фикр алмашилди. Бундан ташқари, инновацион технологияларга асосланган иситиш тизимини яратиш, шунингдек, қайта тикланувчи энергия манбалари ва энергия тежовчи технологиялардан кенг фойдаланиш имкониятларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашув якунида томонлар ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш ва белгиланган мақсадларга эришиш учун тизимли ишлашга келишиб олди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.