Энергетика вазири ёшлар билан учрашди
Пойтахтимиздаги Ёшлар ижод саройида Ўзбекистон Республикаси энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов ёшлар билан учрашди.
Энергетика вазирлиги ва Ёшлар ишлари агентлиги ҳамкорлигида ташкил этилган учрашувда вазирлик тизимидаги ташкилотларда фаолият юритаётган ёшлар, бир қатор олий таълим муассасаларининг талабалари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.
Энергетика вазири барча ёшларни яқинлашиб келаётган 30 июнь – Ёшлар куни билан табриклар экан, сўнгги йилларда мамлакатимизда Президентимиз бошчилигида барча соҳаларда ёшларнинг ролини ошириш, уларга имкониятлар, яхши шароитлар яратиб бериш бўйича тизимли ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади.
Учрашувда маълумот берилганидек, бугунги кунда ёқилғи-энергетика тармоғида 106 мингдан зиёд ишчи-ходим фаолият юритади. Уларнинг 17 минг 526 нафари 30 ёшгача бўлган ходимлардир. Шунингдек, 334 нафар, шу жумладан, 10 нафар хотин-қиз ёш раҳбарлик, 378 нафар аёл мутахассис лавозимларида, 746 нафар аёл ишлаб чиқариш корхоналарида ишламоқда.
2023 йилдаги рақамларга тўхталадиган бўлсак, 633 нафар мутахассис олий ўқув юртини битирганидан кейин ишга қабул қилинган бўлса, 571 нафар йигит-қиз коллеж ва техникумни тамомлаганидан сўнг ушбу тизимда меҳнат фаолиятини бошлаган.
Таъкидлаш керакки, энергетика вазирининг ёшлар билан мулоқоти дўстона, савол ва жавоблар ҳамда таклифлар асосида ўтди.
[gallery-17964]
–Бу учрашув нафақат ёшлар, балки мен учун ҳам бир имконият. Негаки, сизлар билан юзма-юз фикрлашиб, истаклар, таклифлар ва муаммоларингизни яқиндан ўрганаман ва уларни ҳал этишга ҳаракат қиламан. Истагим, ўз соҳангиз ёки касбингизни мукаммал ўзлаштириш баробарида хориж тилларини ўрганишга интилинг. Бу эса сизларга хорижликлар билан музокаралар олиб бориш ва тўғридан-тўғри сўзлашиш имконини беради, –деди вазир.
Учрашувда вазир сўнгги йилларда хорижий инвесторлар билан ҳамкорликда йирик қувватли иссиқлик, қуёш ва шамол электр станцияларини қуриш бўйича катта лойиҳалар амалга оширилаётгани ҳақида тўхталиб ўтди.
–Бугунги кунда юртимизнинг 6 та вилоятида умумий қуввати 1717 МВт бўлган 8 та қуёш фотоэлектр станцияси ҳамда қуввати 100 МВт бўлган битта шамол электр станцияси “яшил” энергия ишлаб чиқармоқда. Бу ҳам юртимиз “яшил” энергетика тармоғидаги ютуқлардан дарак беради. Бундан ташқари, сўнгги 5-6 йил ичида Ўзбекистонда электр энергиясига ортиб бораётган талабни қондириш, аҳоли, ижтимоий соҳа объектлари ва иқтисодиёт тармоқларини электр энергияси билан барқарор таъминлаш мақсадида янги иссиқлик электр станцияларини қуриш бўйича хорижий компаниялар билан жами 11 та битим имзоланди. Ушбу битимларга асосан 2028 йил якунига қадар Ўзбекистонда умумий қуввати 7 минг 17 мегаваттга тенг бўлган 11 та замонавий иссиқлик электр станцияси ишга туширилади. Биргина охирги йилларда ишга туширилган ушбу электр станцияларда минглаб ёш ходимлар фаолият юритаётгани соҳа ривожида уларнинг ўрни ниҳоятда катта эканини англатади, – дея таъкидлади вазир.
Шунингдек, мулоқот чоғида ёш ходимларга бундан ҳам кўпроқ эътибор қаратиш, уларнинг иқтидорларини намоён қилишлари учун етарли даражада шароитлар яратиб бериш кераклиги ҳақида ҳам сўз борди. Унда ёқилғи-энергетика соҳасида олиб борилаётган илмий ишлар ва тадқиқотлар, соҳада амалга оширилиши зарур бўлган инновацион ғоялар, турли муаммолар ҳамда уларнинг ечимлари ҳақида сўз юритилди, қатор таклифлар билдирди.
Учрашув якунида фаол ёшлар эсдалик совғалар билан тақдирланди.
Насиба Зиёдуллаева, Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА