Энергетика соҳасида аёллар фаоллиги ортиб бормоқда
Юртимизда хотин-қизларни эъзозлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги ўрни ва нуфузини юксалтириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.
Айниқса, 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан мамлакатимизда турли соҳаларда фаолият юритаётган аёлларни қадрлаш, уларнинг меҳнатини муносиб эътироф этишга қаратилган маънавий-маърифий тадбирлар кенг кўламда ўтказилади. Бундай тадбирлар эса хотин-қизларнинг касбий фаолиятини рағбатлантириш, уларнинг жамият тараққиётидаги ҳиссасини кенг жамоатчиликка етказишга хизмат қилади.

Шунга кўра, “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамиятида ҳам 8 март - Халқаро хотин-қизлар кунига бағишланган тантанали байрам тадбири ташкил этилди.
Бу ҳақда жамият ахборот хизмати бош мутахассиси Ҳулкар Жўраева қуйидагиларни маълум қилди:

– Хотин-қизлар жамият тараққиётида муҳим ўрин тутади. Улар нафақат оила мустаҳкамлиги ва фарзанд тарбиясида, балки иқтисодиёт, таълим, илм-фан, маданият ва бошқарув соҳаларида ҳам фаол иштирок этиб, мамлакат ривожига салмоқли ҳисса қўшмоқда. Аёлларнинг билимли, ташаббускор ва фаол бўлиши жамият барқарорлиги ва тараққиётини таъминлайди. Шу боис хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш ҳар қандай давлат ва жамиятнинг муҳим вазифаларидан бири ҳисобланади.
Байрам тадбирига тизимда меҳнат қилаётган фаол ва ташаббускор хотин-қизлар, шунингдек, ҳамкор олий таълим муассасалари вакиллари таклиф этилди.
Тадбирда хотин-қизларнинг гидроэнергетика соҳасидаги ўрни, уларнинг касбий маҳорати ва жамият тараққиётига қўшаётган ҳиссаси алоҳида эътироф этилди. Унда жамият бошқаруви раиси Ислом Абдураҳмонов сўзга чиқиб, тизимда ва ҳамкор олий таълим муассасаларида фаолият олиб бораётган мунис ва дилбар хотин-қизларни самимий муборакбод этди.

Бугунги кунда “Ўзбекгидроэнерго” АЖ тизимида хотин-қизлар турли соҳаларда самарали меҳнат қилмоқда. Улар ишлаб чиқариш, бошқарув, муҳандислик, иқтисодиёт ҳамда бошқа кўплаб йўналишларда ўз билим ва тажрибасини намоён этиб келмоқда.
Айниқса, мамлакатимизда “яшил” энергетикани ривожлантириш, гидроэнергетика салоҳиятини янада мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларда хотин-қизларнинг муносиб ҳиссаси бор. Улар ўзларининг юксак касбий маҳорати, масъулиятли ёндашуви ва ташаббускорлиги билан “Ўзбекгидроэнерго” АЖнинг барқарор ривожи ҳамда нуфузини янада юксалтиришга ҳисса қўшмоқда.
Байрам тадбирининг якуний қисмида жамият тизимида фаолият юритаётган хотин-қизларга алоҳида эҳтиром кўрсатилди.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА