Энди туризм соҳаси қишлоққа кириб келмоқда
Қашқадарё вилоятида туризм салоҳиятини янада ривожлантириш, туристларни ноёб тарихий-маданий ва меъморий мерос объектлари билан кенг таништириш учун қулай шарт-шароитлар яратилмоқда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йилдаги чора-тадбирлар режасига кўра, минтақада этнотуризм, агротуризм, экстремал туризм, экологик туризм, астрономик туризм йўналишларини ривожлантириш кўзда тутилган.
Ҳукумат қарорида Ғилон ва Кўл қишлоқларида этнотуризм йўналишига ҳам эътибор қаратилган. Унга кўра, Ғилон ва Кўл қишлоқларига олиб борувчи йўлларни такомиллаштириш белгиланган.
Жумладан, Қарши, Шаҳрисабз ва Китоб шаҳарларидан бошлаб, Ғилон ва Кўл қишлоқларигача бўлган йўналишда ўзбек ва инглиз тилларида йўл кўрсаткичларини жойлаштириш, мазкур қишлоқларга олиб борадиган автомобиль йўлларининг ҳолатини яхшилаш ва тоғ ҳудудларида пиёда йўлларини ташкил этиш назарда тутилган.

Ғилон ва Кўл қишлоқларида туристларга хизмат кўрсатиш мақсадида оилавий меҳмон уйларини ташкил этиш имконияти мавжуд бўлган салоҳиятли хонадонлар, маҳаллий таомномага мувофиқ таомлар аъло даражада тайёрланадиган умумий овқатланиш нуқталари ва хонадонлар, мавжуд ҳунармандларнинг; сақланиб қолган анъанавий чорвачилик, полизчилик ва боғдорчилик билан шуғулланувчи намунавий маҳаллий аҳоли вакилларининг; қишлоқларни ва улар билан боғлиқ тарихий, қизиқарли маълумотларга эга маҳаллий аҳоли вакилларининг рўйхатини шакллантириш белгилаб қўйилган.
Ҳар бир қишлоқда 5 тадан оилавий меҳмон уйларини тайёрлаш ва уларни рўйхатга олишни ташкил этиш, маҳаллий таомномага мувофиқ таомлар аъло даражада тайёрланадиган умумий овқатланиш нуқталари ва хонадонларни туристларни қабул қилиш учун тайёрлаш (таъмирлаш, санитария-гигиеник ҳолатларини яхшилаш, хизмат кўрсатишни йўлга қўйиш), мавжуд ҳунармандлар устахонаси ва хонадонларини туристларни қабул қилиш ва маҳорат дарсларини ўтказиш учун тайёрлаш ҳамда ҳунармандчилик маҳсулотларининг намойиши ва савдосини ташкил этиш, сақланиб қолган анъанавий чорвачилик, полизчилик ва боғдорчилик билан шуғулланувчи намунавий маҳаллий аҳоли вакилларининг хонадонлари, полизлари ва боғларини туристларни қабул қилиш учун тайёрлаш кўзда тутилган.

Вазирлар маҳкамаси қарорида Ғилон ва Кўл қишлоқлари маҳаллий аҳоли вакилларининг туристларга хизмат кўрсатиш кўникмасини ошириши белгиланган.
Ғилон ва Кўл қишлоқларини, улар билан боғлиқ тарих ва қизиқарли маълумотларга эга ҳамда қишлоқ атрофидаги табиат объектларига олиб борувчи йўлларни билувчи маҳаллий аҳоли вакилларини экскурсия, гид ва йўриқчи-кузатувчи сифатида тайёрлаш, қисқа ўқув курсларини ташкил этиш кўзда тутилади.
Бундан ташқари, ўрганиш ва турли шаклдаги рисола, буклет ва тўплам кўринишларида тайёрлаш, Ғилон ва Кўл қишлоқлари ва уларда мавжуд туризм салоҳияти тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олувчи буклет, брошюра, фотоальбом ва видеороликларни тайёрлаш, уларни маҳаллий ва хорижий туроператорларга тақдим қилиб бориш, турли туризм кўргазма ва форумларида тарқатиш, Ғилон ва Кўл қишлоқларига маҳаллий ва хорижий туроператорлар, ОАВ вакиллари учун инфотурлар ташкил этишга эътибор қаратилган.
Ҳукумат қарорида белгилаб қўйилган «ОАВ вакиллари учун инфотурлар ташкил этиш» бандига кўра, куни кеча Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги, Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ва Ўзбекистон Журналистлари уюшмаси ҳамкорликда бир гуруҳ журналист ва блогерлар учун Ғилон қишлоғига Пресс-тур уюштирди.

Маҳаллий аҳолининг фикрича, қишлоққа 2200 йил аввал асос солинган. Бироқ айрим манбаларда қишлоқнинг пайдо бўлиш йили 1305 йил деб кўрсатилган. Қишлоқ меъморчилиги Ўзбекистоннинг бирорта жойида учрамайди. Аҳоли қадимий турмуш тарзини унутмаган. Ғилон хотин-қизлари кийиш лозим бўлган лозимда юришади.
Атрофи баланд тоғлар билан қуршаб олинган Ғилон Шаҳрисабздан 85 километр узоқликда жойлашган. Қишлоққа бориш осон эмас. Аммо завқли. Йўллар асфальт эмас, асосан тош йўл бўлгани боис 85 километрлик масофа 3-4 соатда босиб ўтилади.
Айтишларича, денгиз сатҳидан 2600 метр баландликда жойлашган қишлоқда 5834 минг нафар аҳоли истиқомат қилади. Аҳоли асосан деҳқончилик, чорвачилик ва боғдорчилик билан шуғулланади. Улар ўта меҳнаткаш. Бу сунъий суғориш тармоқларининг барпо этилишида яққол кўзга ташланади. Қишлоқда сув ва электр муаммоси йўқ. Фақат табиий газ етиб бормаган, аммо балонларда етказиб турилади. Одамлар ўзларига, ҳатто мини «ГEС»лар қуриб олишган. «ГЭС»ни атайлаб қўштирноққа олдим, аслида уларни сувда ишлайдиган генератор, дейиш тўғрироқ бўлади. Бу «ГЭС»лар ишлаб чиқарган электр энергия саккизтагача лампочкани ёритишга етар экан.
Ғилонликлар ўзлари етиштирадиган картошка билан фахрланади.
Қишлоқнинг тор кўчалари, икки қаватдан иборат уйлари сайёҳларда қизиқиш уйғотиши табиий. Биринчи қават асосан омбор, молхона сифатида фойдаланилади. Иккинчи қават эса турар-жойдан иборат. Бу каби уйларни Туркиянинг Бурса шаҳри яқинидаги Жумали қишлоғида кўриш мумкин.
(Бу қишлоқда «Хиноли қор» сериали суратга олинган). Ғилон кўчаларини айланишнинг ўзи кишига завқ беради. Аёллар эшик олдидан ўтувчи ариқда бемалол кир ювишлари ва бошқа маиший ишлар билан шуғулланишлари мумкин. Бу ерда ҳар бир қарич ер қадрланади.
Маълум қилишларича, авваллари тўй ва бошқа тантаналар қишлоққа кираверишдаги ялангликда ўтказилар экан. Ҳозирда қишлоқда ресторан фаолият юритаяпти. Тўйларда қўшиқлар фақат жонли ижро этилар экан. Биз тушлик қилаётганимизда ўзини Анди Ғилоний дея таништирган хонанда жонли ижро этиб, кўнглимизни кўтарди.
Қишлоқда «Вино-водка» ёзуви бор дўкон кўринмади. Ҳатто сигарет чекувчилар ҳам йўқ, деган таассурот билан қайтдик.
Айтишларича, қишлоқ аҳли авваллари бозор-ўчарни тоғлар ошиб Ургутдан қилиб келар экан. Ўтган асрнинг 70 йилларида тоғ йўли очилганидан сўнг Шаҳрисабзга қатнай бошлашибди. «Айни шу йўл Ғилонни XXI аср билан боғлайди», деган фикрлар бор. Шуни таъкидлаш керакки, қишлоқда асосан «ГАЗ-53», «Нива» ва «УАЗ» машиналарини кўриш мумкин. Шунингдек мототцикллардан кенг фойдаланишади.
Энди туризм соҳаси қишлоққа кириб келмоқда. Агар бу соҳага эътибор қаратилса, ғилонликлар ҳаёти яхши томонга ўзгариши аниқ.
Шарофиддин Тўлаганов,ЎзА