Энди солиқ тўловчилар соатлаб навбатда турмайди
Сирдарё вилояти Гулистон шаҳар давлат солиқ инспекцияси биноси қайта таъмирланиб, фойдаланишга топширилди.
Сирдарё вилояти Гулистон шаҳар давлат солиқ инспекцияси биноси қайта таъмирланиб, фойдаланишга топширилди.
Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда Сирдарё вилояти ва Гулистон шаҳар ҳокимлиги, вилоят ва шаҳар солиқ идоралари, мутасадди ташкилотлар раҳбар ва ходимлари, солиқ тўловчи юридик ва жисмоний шахслар иштирок этди.
Тадбирда вилоят ҳокими Ғ.Мирзаев ва бошқалар мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар солиқ соҳасида ҳам ўзининг ёрқин самараларини бераётганини, Президентимиз томонидан тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаолиятига аралашмаслик, шунингдек, тадбиркорларга барча шароит ва имкониятлар яратиб берилаётганини таъкидлади.
Кейинги йилларда Гулистон шаҳри ҳудудида кўплаб тадбиркорлик субъектлари ташкил этилди, бу ҳудуд аҳолисини иш билан таъминлашда муҳим аҳамиятга эга бўлди. Тадбиркорларга яратилган зарур шароитлар самарасида солиқ тўловчи юридик ва жисмоний шахслар сони ҳам кўпаймоқда.
Капиталь таъмирлашдан чиқарилган шаҳар давлат солиқ инспекция биносида тадбиркорлик субъектлари учун ҳам тизим хизматчилари учун ҳам керакли барча шарт-шароит тўлиқ яратилди.
Яна бир эътиборга молик томони шундаки, солиқ тўловчи аввалгидек хонама-хона юрмасдан барча зарур маълумотларни “Юридик шахсларга хизмат кўрсатиш зали” ва “Жисмоний шахсларга хизмат кўрсатиш зали”дан олиш имконияти яратилган. Шунингдек, “Электрон навбат” жорий этилиб, энди солиқ тўловчилар соатлаб навбатда турмайди.
Солиқ тўловчилар кутиш даврида, бинонинг кириш қисмида ташкил этилган кутубхонадан ўзларини қизиқтирган маълумотларни, солиққа оид ва бошқа адабиётлардан бемалол топиб, фойдаланишлари мумкин.
– Мол-мулк ва ер солиқлари тўловчи жисмоний шахслар сони Гулистон шаҳрида 27 минг нафарга етиб, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 600 нафарга кўп деганидир, – дейди шаҳар давлат солиқ инспекцияси бошлиғи Жаҳонгир Ражабов. – Хўжалик юритувчи субъектлар сони эса 2 минг 232 нафарни ташкил этиб, бу ўтган йилгига нисбатан 387 нафар янги тадбиркорлик субъектлари ташкил этилганини билдиради. Шунингдек, шаҳримиздаги якка тартибдаги тадбиркорлар сони ўтган йилгидан 330 нафарга ортиб, жами 1 минг 561 нафарни ташкил этаётир.
Қайд этиш жоизки, бугунги кунда Гулистон шаҳардаги солиқ тўловчилар учун яратилаётган барча шароитлар, шаҳарнинг иқтисодий-ижтимоий ривожланишига ва фуқароларнинг турмуш даражасини ошишига хизмат қилади.