Энди Самарқанднинг ўз “экспо маркази” бор
Самарқанд вилоятининг Жомбой туманида “SOF EXPO SAMARKAND” кўргазма мажмуаси очилди.
Давлатимиз раҳбари 2019 йил 19 сентябрь куни ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва саноатда кооперация алоқаларини кенгайтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида Самарқанд вилоятида доимий асосда фаолият кўрсатувчи кўргазма ташкил этиш топшириғини берган эди.
Ана шу топшириқ асосида М-39 автомагистрали бўйида давлат-хусусий шерикчилик асосида йирик кўргазма мажмуаси барпо этилди.
[gallery-5960]
– Умумий қиймати 25 миллиард сўм бўлган мазкур лойиҳа асосида халқаро стандартларга жавоб берадиган 4500 кв. м. ёпиқ ҳамда 5000 кв м. очиқ павильон қурилди, – дейди “SOF EXPO SAMARKAND” кўргазма мажмуаси Аҳмаджон Тожибоев. – Шунингдек, бу ерда 50 кишилик конференц-зал, 3 та музокаралар хонаси, уч юздузли меҳмонхона, хостел, кафе ва ресторанлар ташкил этилган. Келгуси йилда яна 8 минг кв.м. ёпиқ павилон қуриш ва бу ерни Марказий Осиё кўргазмалар марказига айлантиришни мақсад қилганмиз.
Янги мажмуда илк кўргазма – “Қишлоқ хўжалик техникалари ва технологиялари – AGRОPRO-2022” деб ном олди.
Кўргазмада юртимиздаги, шунингдек, Россия, Туркия, Хитой, Кореядаги 80 дан ортиқ компанияларнинг маҳсулот ва хизматлари намойиш этилмоқда.
Самарқандлик ва юртимизнинг турли ҳудудларидан келган қишлоқ хўжалик корхоналари, кластерлар вакиллари, фермерлар, замонавий қишлоқ хўжалик техникалари, агрегатлари ва қўшимча қисмлари, интенсив суғориш тизими учун қурилма ва материалларга, иссиқхоналар учун жиҳозларга, минерал ўғит ва дори воситаларига катта қизиқиш билдирди.
Кўргазма доирасида қишлоқ хўжалиги соҳасидаги илмий ишланмалар, инновациялар ва стартаплар тақдимотлари ўтказилиб, олимлар ва амалиётчилар бевосита фикр алмашиш имкониятига эга бўлди.
Мева-сабзовот экспортёрлари, қишлоқ хўжалигига хизмат кўрсатадиган ўқув курслари, банк ва лизинг муассасалари эса ўз хизматлари ҳақида маълумот берди.
2022 йилнинг ўзида мажмуада 50 дан ортиқ кўргазма, форум, фестиваллар ва бошқа оммавий тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган.
Ғ.ҲАСАНОВ, А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА