“Энди мен ҳам сайловда овоз бера оламан!“
Андижонда Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилинган 20 юртдошимизга фуқаролик паспортлари тантанали топширилди.
Андижонда Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилинган 20 юртдошимизга фуқаролик паспортлари тантанали топширилди.
Давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этган тадбирда мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш, инсон манфаатларини улуғлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар юксак самаралар бераётгани таъкидланди.

Жорий йилда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг қатор фармонлари билан фуқаролиги бўлмаган юзлаб ҳамюртимизга Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги берилди. Бу уларга мамлакатимиз Конституцияси ва қонунларида белгиланган ҳуқуқлардан тўла фойдаланиш имконини яратади.
– 1993 йилда Қирғизистондан Андижонга келин бўлиб тушганман, – деди Жалақудуқ туманидаги Қаламбек маҳалласида яшовчи Оминахон Сафоева. – Уч фарзандим бор. Бир қиз чиқариб, ўғлимни уйлантирдим, кенжам мактаб ўқувчиси, оиламдан кўнглим тўқ. Мен кўп йиллардан буён фермер хўжалигида ишчи бўлиб ишлаб, шу юртда яшаб келсам-да, қалбимда бир армон бор эди. Ўзбекистон фуқароси эмас эдим. Бугун ана шу армоним ушалди. Ўзбекистон фуқароси бўлдим, шу юрт фуқароси сифатида яшаш бахти насиб этганидан беҳад хурсандман. Кўп йиллар давомида сайловларда овоз бера олмас эдим. Шукрки, бу йил бўладиган сайловларда қатнашиш, сайлаш ҳуқуқига эга бўлдим. Бунинг учун Президентимиздан миннатдорман.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, 2007-2016 йиллар давомида Андижон вилоятидан фақат бир нафар шахс Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилинган бўлса, сўнгги уч йилда эса давлатимиз раҳбарининг фармони билан Андижон вилоятида яшаётган 1 минг 915 юртдошимизга Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги ва паспорти берилди. Бу инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишларнинг ёрқин намунасидир.